Янги Наманган туманида ижтимоий-маъмурий маълумотларни бошқариш платформаси тақдимоти ўтказилди
2026-09-21 10:35:00 / Янгиликлар
Янги Наманган тумани ҳокимлигида аҳолига оид ижтимоий-маъмурий маълумотларни ягона тизим асосида шакллантириш ва бошқаришга мўлжалланган платформа тақдимоти бўлиб ўтди.

Тақдимот давомида платформа орқали фуқаролар, оилалар, хонадонлар, маҳаллалар ва тадбиркорлар ҳақидаги маълумотларни электрон шаклда юритиш, оилаларнинг ижтимоий ҳолатини таҳлил қилиш, бандлик ва даромад манбаларини ўрганиш имкониятлари намойиш этилди.
Шунингдек, “Оила паспорти”, ижтимоий ҳимоя, молиявий ёрдам, кредит ва бошқа йўналишлардаги маълумотларни тизимлаштириш ҳамда масъул ходимлар фаолиятини самарали ташкил этиш механизмлари кўрсатиб берилди.
Платформани амалиётга кенг жорий этиш орқали аҳоли билан ишлашда манзиллилик ва тезкорликни таъминлаш, мавжуд муаммоларни таҳлил қилиш ҳамда уларнинг ечими бўйича аниқ чора-тадбирларни белгилаш имконияти яратилади.
Янги Наманган тумани ҳокимлиги ахборот хизмати






