Маҳалланинг янгиланган қиёфаси байрам арафасида аҳолига муносиб туҳфа бўлди
2026-08-30 02:50:00 / Янгиликлар

Бугун мазкур маҳаллада янги инфратузилма объектларининг очилиши муносабати билан тантанали тадбир ўтказилди. Унда вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, нуронийлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
2026 йилда маҳаллага бюджет ва ҳомийлик маблағлари ҳисобидан 5,3 млрд сўм йўналтирилиб, 3,6 км йўл асфальтланди, 600 метр пиёдалар йўлаги барпо этилди, 160 та тунги ёритиш чироғи ўрнатилди. Болалар ва футбол майдончалари, workout майдонлари ҳамда 200 дан ортиқ автотураргоҳ ўринлари яратилди. 17 та кўп қаватли уй фасадлари таъмирланиб, маҳалланинг ташқи қиёфаси янгиланди.
Коммунал тармоқлар ҳам модернизация қилиниб, газ, электр, ичимлик ва оқова сув тизимлари яхшиланди. Шунингдек, замонавий кутубхона, савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари, бирламчи тиббий ёрдам ҳамда фавқулодда ҳолатлардан эрта огоҳлантириш пунктлари фаолияти йўлга қўйилди.
Янгиланган муҳит ва замонавий инфратузилма Мустақиллик байрами арафасида Абу Райҳон Беруний маҳалласи аҳлига муносиб туҳфа бўлди.
Тантанали тадбир давомида янги объектлар кўздан кечирилиб, аҳоли билан мулоқотлар ўтказилди. Маҳалладаги бугунги янгиланишлар одамлар учун муносиб турмуш шароити яратиш, ҳудудларни ободонлаштириш ва инсон қадрини улуғлаш йўлидаги амалий ишларининг яна бир ифодасидир.
Янги Наманган тумани ҳокимлиги ахборот хизмати









