“Атанган гузар”даги ер майдони бўйича ҳолатга ойдинлик киритилди
2026-08-20 18:10:00 / Янгиликлар
Ижтимоий тармоқларда Янги Наманган тумани, “Атанган гузар” маҳалласидаги ҳудуд юзасидан тарқалган хабарлар жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлди.

Мазкур ҳудуд 2023 йилда саноат, ҳунармандчилик ва касаначиликни ривожлантириш мақсадида микромарказ ташкил этиш учун электрон аукционга чиқарилган. Ўрганишлар давомида ер майдонидан ноқонуний фойдаланиш ёки қурилиш бошлангани тасдиқланмади.
Лойиҳа доирасида тикувчилик, чарм-поябзал ишлаб чиқариш ва маиший хизмат кўрсатиш объектлари, шунингдек, аҳоли учун мини-футбол майдончаси ташкил этилиши режалаштирилган.
Масала юзасидан туман ҳокими жойига чиқиб, аҳоли ва тадбиркор томонини тинглади. Томонларга мавжуд масалалар қонунчиликда белгиланган тартибда, зарур ҳолларда суд орқали ҳал этилиши тушунтирилди.
Янги Наманган тумани ҳокимлиги ахборот хизмати






