Наманган вилоятида боғлар ва токзорларни барпо қилиш бўйича тавсиянома ишлаб чиқилди
2026-08-19 14:30:00 / Янгиликлар

- Кўчат экиш учун майдонни тайёрлаш.
Кузда кўчат экиш учун танлаб олинган майдон плантаж плуги билан 50–60 см чуқурликда ҳайдалган бўлиши керак. Агарда майдон ҳайдалмаган бўлса, баҳорда 35–40 см чуқурликда ер ҳайдалиб, қатъий тарзда лазер текислагичида текисланади. Бу эса, ўз навбатида, сувдан тежамкорлик билан фойдаланиш самарадорлигини 2–3 баробарга оширади. Ҳамда кўчат экиш учун режа тортилади ва кўчатлар экилгандан кейин бошқа боғлар қатори қишда шўр ювиш ишларини амалга ошириш лозим.
Олинадиган ҳосилдорлик миқдори фақат нав ва пайвандтагдан, агротехника савиясидан эмас, балки ўсимликларнинг қатор ораси ва дарахт оралиғига ҳам боғлиқ.
Майдонда қанча кўчат кўп бўлса, ҳосил шунча кўп бўлади, лекин дарахтларнинг жойлашиш зичлигининг ҳам чегараси бор. Бу дарахтларнинг ҳажмига ва қатор ораларининг техника билан ишлов бериш даражасига ҳам боғлиқ. Ҳосилнинг сифати ва миқдорига дарахт танасига тушадиган ёруғликнинг сифати ва миқдорига ҳамда шамол ҳаракатланишига узвий боғлиқ.
- Кўчат экиш.
Кўчат экиладиган чуқурларнинг чуқурлиги ва кенглиги 60×60 см бўлиб, чуқур қазишда тупроқ устининг 20–25 см унумдор қисми чуқурнинг бир томонига олиб, чуқурнинг қолган қисми иккинчи томонга олиб қўйилади. Чуқурга кўчат экишдан олдин 350–400 г фосфорли, 30–40 г калий ўғити ҳамда 8–10 кг чириган гўнгни тупроқ билан аралаштириб солиб, кейин кўчат экилади.
Кўчатни экишдан олдин алоҳида тайёрланган шатмоққа (янги мол гўнги тупроқ билан 1:1 қилиб қаймоқсимон қилиб тайёрланади) ботириб олиб экилади. Кўчат чуқурга қўйилиб, олдин олинган унумли тупроқ чуқур тагига солиниб, кейин олинган унумсиз, ўғит билан аралаштирилган тупроқ билан тўлдирилиб, илдиз пайванд қилинган жойи тупроқдан 2–3 см юқорида бўлиши керак. Кўчат экилгандан сўнг ҳар бир чуқурга тўла сув қуйилади. Бунда тупроқ зичланиб, кўчат яхши кўкаради. Тупроқ чўккандан сўнг кўчат атрофига тупроқ солиб тўлдирилади.
- Кўчатларни парваришлаш.
Экилган кўчатлар вегетация даврида кўчатларнинг атрофлари қатқалоқ бўлиб қолмаслиги учун юмшатиб турилади. Тупроқ шароитига қараб, вегетация даврида зарур намликни таъминлаш учун албатта томчилатиб суғориш тизимини жорий этиш талаб этилади.
Янги экилган кўчатларни дастлабки даврида сув билан таъминлашга катта эътибор бериш зарур. Кўчатлар тўлиқ кўкариб кетиши учун (агар томчилатиб суғориш системалари ишга тушмаган бўлса) кўчат атрофини айлана шаклида ариқ олиниб, ариқ тўлгунча сув қуйиш лозим ёки ариқ орқали суғорилса, кўчат атрофидан сувни айлантириб ўтказиб суғориш зарур. Тупроқ намлигини доимий сақлаш мақсадида 12–14 мартагача суғорилади.
Ёш боғларнинг касаллик ва зараркунандаларга чидамлилик даражаси анча паст бўлади. Шунинг учун зарурият туғилган ҳолда касаллик ва зараркунандаларга қарши кураш чораларини қўллаш зарур.
- Томчилатиб суғоришнинг ўзига хос жиҳатлари.
Томчилатиб суғориш экинларни суғориш усуллари орасида нисбатан янги саналади ва унинг ўзига хослиги сувни босим остида ўсимликкача етказиб бериши билан белгиланади.
Томчилатиб суғориш тизими ўсимликнинг сувга бўлган эҳтиёжига тенг миқдордаги сувни зарур муддатда унинг илдиз қатламига етказиб беришга мўлжалланган сув тақсимловчи доимий тармоқдан иборат.
Томчилатиб суғоришнинг бошқа суғориш усулларидан фарқли жиҳати шундан иборатки, мазкур суғориш усулида тупроқнинг намлиги ва уни яратиш учун берилаётган сув бошқарилади.
Одатдаги эгатлаб суғориш усулида сув эгатга оқизилгандан сўнг даланинг бир қисмида тупроқнинг намлиги ҳаддан ортиб кетса, бошқа қисмида сув яхши оқмаганлиги туфайли тупроқ яхши намланмайди. Томчилатиб суғоришда эса сув ҳар бир экиннинг маълум даврдаги эҳтиёжига мос равишда дала бўйлаб бир текисда берилади. Шундай қилиб, даланинг экин жойлашган жойлари бир хилда намланади. Тупроқда ортиқча намликнинг юзага келишга йўл қўйилмайди.
Эгатлаб суғорилганда суғоришдан кейин тупроқда намликнинг ҳаддан зиёд ортиши экинни сувга бўктирса, суғоришлар орасидаги вақтнинг узоқлиги оқибатида тупроқ қуриб кетиб, ўсимликни сувсиз қолдиради.
Навбатдаги суғоришда экин яна сувга бўкади, ундан кейин эса яна сувсиз қолади, яъни стресс ҳолатларга тушади. Натижада ўсимлик ўз энергиясини шу стресс ҳолатларни енгишга сарфлашга мажбур бўлади ва бир текис ривожлана олмайди.
Томчилатиб суғоришда эса экин илдиз қатламининг намлиги бир хилда ушлаб турилади ва экин бир текис ривожланади. Томчилатиб суғоришда экиннинг илдизи ривожланадиган тупроқ қатламида ўсимлик учун оптимал бўлган тупроқнинг сув-физик режими яратилади.
- Шакл бериш.
Уруғлик мева дарахтларига асосан кузда ва данакли мева боғларида эрта баҳорда шакл бериш мақсадга мувофиқ. Ўзбекистон шароитида пакана пайвандтагда экилган интенсив боғларда кўчатларга 60 см юқоридан кесилиб, шакл берилади.
Четдан келаётган кўчатларни веретено шаклида, яъни асосий лидер новда қолдирилиб, ёнига кўпроқ новда беришга қаратилади, яъни шохлатилади. Шакл беришда кўчатнинг асосий лидер шохида штамби учун 50 см қолдирилиб, ундан юқорисига 8–10 кўз қолдирилиб, ундан сўнг яна шип 3 та кўз қолдирилиб, ортиқчаси кесилади.
Келажакда етарли шохлаши учун 50 см танасидан юқорида жойлашган 3 кўз ойсимон шаклда (кўчат кўчатхонасида шохламаган бўлса) кўзнинг ўсиши қисмида кербовка (кесиш) қилинади ва яна учта кўз ташлаб, яна учта кўз тўғри чизиқ шаклида кесимида (кербовка) қилинади. Бу жараённи кўчат яхши ўса бошлаган даврида қилса, яхши натижа беради.
Шохланган шохлар июль–август ойларида 90° эгилади ва боғланади. Янги ўсган новдаларда мева куртакларини ҳосил қилиш мақсадида улар маълум вақтда чилпиб (чеканка) турилади. Бу усул мева куртакларининг кўпроқ ҳосил бўлишини таъминлайди.
- Темир-бетон устунлар ўрнатиш ва сим тортиш.
Экилган кўчатларни биринчи йилнинг ўзида симбағазларга боғлаб, парвариш қилиш учун темир-бетон устунлар ўрнатилади. - Кўчатларни симбағазларга боғлаб парвариш қилиш.
Янги экилган олма, нок боғларига темир-бетон устунлар ҳамда сим тортилгач, кўчатларнинг новдалари симларга боғлаб чиқилади ҳамда келажакда новдалар ўсиб, ривожланиши учун парвариш ишлари олиб борилади. - Ўғитлаш.
Ёш экилган кўчатлар яхши ривожланиб, ўсиши учун апрель ойининг иккинчи ярмида ҳар бир кўчат атрофига 100–120 г дан азотли ўғит солинади. Иккинчи марта июнь ойида шунча миқдорда яна азотли ўғит солинади.
Томчилатиб суғориш системаси мавжуд бўлган боғларда барча минерал озуқаларни сув орқали томчилатиб бериш мақсадга мувофиқдир. Бунда ўғитни ўзлаштириш самарадорлиги анча юқори бўлади.
Ёш пакана пайвандтагли боғлар орасига биринчи-иккинчи йилларда сабзавот, полиз, картошка экинлари экиш мумкин. Учинчи йилдан ушбу экинларни экиш тавсия этилмайди. Чунки боғ қатор орасига ишлов берилиши сабабли экинлар экилмайди (ҳайдаш, ўғитлаш, кимёвий ишлов бериш).
Октябрь–ноябрь ойларида ёш ниҳоллар ораси ҳамда кўчатларнинг қатор ораси чопилиб, юмшатилади, бегона ўтлардан тозаланади. Тупроқда намлик яхши сақланади.
Кузда, ноябрь ойида фосфорли ҳамда калий ўғити, яъни гектарига 90 кг фосфор, 45 кг калий ва 10 т органик ўғит солиниб, чопилади.
Янги экилган интенсив боғлар иккинчи йилдан бошлаб ҳосилга киради, 4–5 йили тўлиқ ҳосил бера бошлайди.
