“Саховат” — обод манзилга айланмоқда
2026-08-17 12:15:00 / Янгиликлар

8 102 нафар аҳоли истиқомат қиладиган мазкур маҳаллада “Янги Ўзбекистон қиёфаси” лойиҳаси доирасида 6 та кўчанинг жами 7 километр қисми асфальтланиб, равон ва қулай йўллар яратилди. “Баҳор”, “Гаистон”, “Авто сервис”, “Мустақилликнинг 10 йиллиги”, “Боғи Эрам” ва “Боғи Шамол” кўчаларида амалга оширилган ишлар маҳалла қиёфасини тубдан ўзгартирмоқда.
Шунингдек, кўчаларга 230 та тунги ёритиш чироғи ўрнатилди. “Авто сервис” кўчасидаги 70 та ёғоч электр устуни бетон таянчларга алмаштирилди, 2,5 километр СИП кабель тортилиб, электр таъминоти яхшиланди. Маҳалланинг кириш-чиқиш жойларига эса 10 та кузатув камераси ўрнатилиб, хавфсизлик чоралари кучайтирилди.
Таъкидлаш жоиз, маҳалла одамлари меҳнаткашлиги билан ажралиб туради, ҳудуд “драйвери” деҳқончилик ва ҳунармандчиликдан иборот. Ҳар бир хонадон кичик томорқасини даромад манбаига айлантирган. Иссиқхоналарда етиштирилаётган маҳсулотлар эл дастурхонини тўкин қилмоқда.
Мустақиллик байрами арафасида амалга оширилаётган бу янгиланишлар маҳалла аҳли учун муносиб туҳфа бўлмоқда. Обод кўчалар, ёруғ ва хавфсиз муҳит “Саховат”нинг янада файзли ва қулай масканга айланишига хизмат қилмоқда.
Янги Наманган тумани ҳокимлиги ахборот хизмати









