Янги Наманган туманида сув тежамкор инновацион технологиялар асосида ер майдонларини ўзлаштириш лойиҳаси тақдим этилди
2026-07-06 17:20:00 / Янгиликлар
Янги Наманган туманида сув тежамкор инновацион технологияларни жорий этиш орқали 140 гектар ер майдонини ўзлаштиришга қаратилган лойиҳа ишлаб чиқилди. Қиймати 40,7 млрд сўмга тенг мазкур лойиҳа доирасида 4 та артезиан қудуғи қазиш, 5 минг куб метр сиғимли 2 та сув тўплаш ҳавзаси барпо этиш ва замонавий суғориш тизимини йўлга қўйиш режалаштирилган.

Тақдимотда қайд этилганидек, лойиҳанинг биринчи босқичида сув таъминотини яхшилаш ишлари амалга оширилади. Кейинги босқичларда чорвачилик, боғдорчилик ва мева-сабзавот маҳсулотларини сақлаш ҳамда қайта ишлаш йўналишлари ташкил этилади.
Шунингдек, сувни узоқ муддат сақлаш имконини берувчи компост, гумус, бентонит ва гидрогел аралашмасидан фойдаланиш орқали тупроқ намлигини 60 кунгача сақлаб қолиш кўзда тутилган.
Лойиҳа натижасида янги иш ўринлари яратилиб, аҳолини арзон ва сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминланади.
Янги Наманган тумани ҳокимлиги ахборот хизмати






