Янги Наманган тумани ИИБ бошлиғи подполковник Суинбаев Хайрулло Суинбаевичнинг туман аҳолисига мурожаати
2026-06-20 15:00:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Гиёҳвандлик дунё жамоатчилигини хавотирга соладиган даражада ёйилиб кетмоқда. Охирги 20 йилда кўп мамлакатларда гиёҳвандлик воситалари билан бирга психотроп ва психофаол моддаларни истеъмол қилувчиларнинг сони ошиб бормоқда.
Айниқса, ёшлар ўртасида гиёҳванд моддалар тарқалишининг олдини олиш барчамизнинг устувор вазифамиз бўлиб қолмоқда.
Кўпинча оддий қизиқиш ёки атрофдагиларнинг таъсири остида қабул қилинган бир дона гиёҳванд модда ҳам инсонни оғир қарамлик гирдобига тортиб кетиши мумкин. Бунинг оқибатида ёшлар таълимдан, меҳнатдан ва жамият ҳаётидаги фаол иштирокдан узоқлашади.
Гиёҳвандлик инсоннинг тафаккурини сусайтиради, соғлиғига жиддий путур етказади ҳамда уни турли ҳуқуқбузарлик ва жиноятларга етаклаши мумкин.
Энг аянчлиси шундаки, бу иллат ёшларнинг улкан орзулари ва ёрқин истиқболини барбод этади. Ота-онанинг ишончи, устозларнинг саъй-ҳаракатлари ва йиллар давомида эришилган муваффақиятлар битта нотўғри қадам сабаб йўққа чиқиши мумкин. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, гиёҳванд моддаларни сақлаш, истеъмол қилиш, олиб юриш ёки тарқатиш амалдаги қонунчиликка кўра қатъиян тақиқланган.
Бундай қилмишлар учун маъмурий ҳамда жиноий жавобгарлик белгиланган бўлиб, қонунни бузган ҳар бир шахс қонун олдида жавоб беради. Биргина хато қарор инсонни нафақат соғлиғидан, балки озодлигидан ҳам маҳрум этиши мумкин.
Азиз юртдошлар!
Сизлар юртимизнинг эртанги куни, оилаларингизнинг таянчи ва жамиятимизнинг энг катта бойлигисиз. Ҳаётингизни гиёҳвандлик каби ҳалокатли иллат хавфи остига қўйманг. Соғлом турмуш тарзига амал қилинг, спорт билан шуғулланинг, билим олинг ва эзгу мақсадлар сари интилинг. Ҳаёт — инсон учун энг бебаҳо неъмат. Уни асраш ва қадрлаш ҳар биримизнинг бурчимиздир.
Гиёҳвандликка қатъий “Йўқ!” денг!
Ўз келажагингизни бугундан ҳимоя қилинг!
Янги Наманган туман ИИБ бошлиғи подполковник
Суинбаев Хайрулло Суинбаевич
