Наманганда “Шотакан каратэ-до” бўйича анъанавий халқаро очиқ турнирга старт берилди.
2026-06-10 11:30:00 / Янгиликлар

65-халқаро «Гуллар фестивали» нишонланаётган ушбу кунларда "Шотокан Каратэ-до" бўйича навбатдаги очиқ турнирга старт берилди. Шу муносабат билан Янги Наманган туманидаги «Паҳлавон» мажмуасида вилоят жамоатчилиги, спортсеварлар жам бўлдилар.
Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов табрик сўзида кейинги йилларда муҳтарам Президентимиз бошчиликларида барча соҳалар қатори спортни ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилаётгани, айниқса, ёшларга етарли шарт-шароитлар яратиш борасида тизимли ишлар амалга оширилаётгани ҳақида тўхталиб, халқаро турнир иштирокчиларига омад тилади.
«Шотакан каратэ-до»ни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун бир қатор фаоллар рағбатлантирилди.
Шундан сўнг, Давлатимиз мадҳияси ижро этилди ва ёш гимнастикачилар ҳамда каратэчиларнинг кўргазмали чиқишлари бўлиб ўтди. Мусобақани расман 6-7 ёшли қатнашчилар бошлаб беришди.
Таъкидлаш жоиз, халқаро очиқ турнирда мамлакатимиз вилоятлари ҳамда қўшни Қирғиз, Тожикистон Республикаларидан келган 6 ёшдан 18 ёшгача бўлган болалар ва ўсмирлар куч синашмоқдалар. Беллашувлар халқаро стандартлар талаби бўйича малакали ҳакамлар томонидан баҳолаб борилмоқда.
Наманган вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати








