Янги Наманган туманида Болаларни ҳимоя қилиш куни кенг нишонланди
2026-06-01 21:25:00 / Янгиликлар
1 июнь — Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан Янги Наманган туманида катта байрам тадбири ташкил этилди.

Тадбир давомида болалар учун концерт дастурлари, маданий-кўнгилочар чиқишлар ва турли қизиқарли ўйинлар ўтказилиб, иштирокчиларга кўтаринки кайфият улашилди. Янги Наманган тумани маданият бўлими санъаткорлари ижросида ёшларбоп қўшиқлар ва Ватанни мадҳ этувчи тароналар янгради, йиғилганлар байрамона муҳитдан баҳраманд бўлдилар.
Байрам сабабчилари бўлган болаларга совғалар улашилди, уларнинг юзларида қувонч ва табассум акс этди.
Мазкур тадбир ёш авлоднинг маънавий камолотига эътибор қаратиш, уларни Ватанга муҳаббат ва миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашга хизмат қилди. Байрам болалар учун унутилмас ва қувончли лаҳзаларга бой тарзда ўтди.
Янги Наманган тумани ҳокимлиги ахборот хизмати









