“Ёшлик” КСЗдаги лойиҳалар ижроси танқидий ўрганилди
2026-05-02 11:15:00 / Янгиликлар
Янги Наманган туманида тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича ишлар давом этмоқда.
“Саховат” маҳалласида жойлашган “Ёшлик” кичик саноат зонасида 32 та лойиҳа режалаштирилган бўлиб, ҳозиргача 11 таси ишга туширилган, қарийб 400 та иш ўрни яратилган. Қолган лойиҳаларда эса қурилиш ишлари суст кетмоқда.

Туман ҳокими томонидан ўтказилган ўрганишда айрим лойиҳаларда ишлар белгиланган муддатларда бажарилмаётгани, баъзилари эса умуман бошланмагани танқид қилинди. Бу ҳолатлар лойиҳалар самарадорлигига салбий таъсир кўрсатаётгани таъкидланди.
Шу муносабат билан ер майдони ажратиб берилганига қарамай, узоқ вақт давомида фаолият бошламай, майдондан самарали фойдаланмаётган тадбиркорлар билан тузилган шартномаларни қайта кўриб чиқиш ва зарур ҳолларда бекор қилиш масаласи кўтарилди.
Ўрганиш якунларига кўра, лойиҳаларни тезлаштириш, масъулиятни ошириш ҳамда бўш турган майдонлардан самарали фойдаланиш бўйича қатъий чоралар белгиланди.
Янги Наманган тумани ҳокимлиги ахборот хизмати




