Янги Наманганда иқтисодий фаоллик: экспорт ва инвестицияларда ўсиш кузатилмоқда
2026-04-07 20:05:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари
Янги Наманган туманида 2026 йилнинг дастлабки ойлари иқтисодий кўрсаткичлар ижросида ижобий натижаларни намоён этмоқда. Хусусан, инвестиция дастурлари ижроси тумандаги иқтисодий фаолликни оширишда муҳим омил бўлмоқда. Жорий йилда умумий қиймати 1 трлн 375,3 млрд сўм бўлган 110 та лойиҳани амалга ошириш орқали 4 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратиш режалаштирилган. Бугунги кунга қадар 38 та лойиҳа ишга туширилиб, минг нафарга яқин аҳоли иш билан таъминланди.

Шу билан бирга, хорижий инвестицияларни жалб қилиш борасида ҳам ижобий динамика сақланмоқда. Биринчи чорак якунига кўра, режалаштирилган кўрсаткич ортиғи билан бажарилиб, 96,7 млн долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилди.
Экспорт йўналишида ҳам белгиланган йиллик режа доирасида биринчи чорак ҳолатига 10,25 млн долларлик маҳсулот ташқи бозорларга етказиб берилган. Ушбу кўрсаткичнинг асосий қисми саноат маҳсулотлари ҳиссасига тўғри келмоқда.
Мазкур натижалар туманда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш ва янги иш ўринлари яратиш борасида амалга оширилаётган тизимли ишлар самараси ҳисобланади.
Янги Наманган тумани ҳокимлиги ахборот хизмати









