“Истиқбол” маҳалласида “Ташаббусли бюджет” доирасида ички йўллар асфальтланмоқда
2026-04-01 17:20:00 / Янгиликлар
Янги Наманган туманида ижтимоий инфратузилмани такомиллаштириш, аҳоли муаммоларини манзилли ва самарали ҳал этиш мақсадида амалга оширилаётган “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси доирасида яна бир муҳим иш бошланди.

Туманнинг “Истиқбол” маҳалласи аҳолиси фаоллиги туфайли лойиҳа танловида ғолиб деб топилди ва маҳаллага 1,5 миллиард сўм маблағ ажратилди. Бу маблағ ҳудуд аҳолиси учун муҳим аҳамиятга эга бўлган ички йўлларни таъмирлаш ва асфальтлаш ишларига йўналтирилмоқда.
Ҳозирги кунда маҳалланинг “Баркамол” ва “Машхур” кўчаларидаги 3,2 километр ички йўллар асфальтланиб, соз ҳолатга келтирилмоқда. Бу ишлар маҳалла аҳолиси учун қулайликлар яратиш, ҳудуд инфратузилмасини янада ривожлантириш ва яшаш муҳитини яхшилашга хизмат қилади.
Янги Наманган тумани ҳокимлиги ахборот хизмати









