Гулдан пул қилаётган ишбилармонлар
2026-03-25 13:05:00 / Янгиликлар
Янги Наманган туманида гулчилик орқали даромад топаётган оилалар сони ортиб бормоқда. “Тинчлик” маҳалласида жойлашган хонадонлардан бирида ташкил этилган гул плантацияси бу борада ибратли намуна ҳисобланади.

Хонадон соҳибаси Малика Бобохонованинг маълум қилишича, ҳовлидаги 3 та плантацияда 100 дан ортиқ турдаги гуллар парваришланиб, уларнинг умумий сони 10 минг тупдан ошади. Оила аъзолари 18 йилдан буён гулчилик билан шуғулланиб, мазкур фаолиятни асосий даромад манбаига айлантирган.
Гулчилар ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиладиган гуллар фестивалида фаол иштирок этиб, нафақат даромад топиш, балки тажриба алмашиш имкониятига ҳам эга бўлмоқда.
Боиси, гул етиштириш камхарж ва сердаромад соҳалардан бири сифатида ҳудудда тобора оммалашиб бормоқда.
Янги Наманган тумани ҳокимлиги ахборот хизмати






