Оталиққа олинган ёшлар билан очиқ мулоқот қилинди
2026-03-19 14:15:00 / Янгиликлар

Навбатдаги тадбир Наманган вилоятининг Янги Наманган туманида ташкил этилди. Унда вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи оталиққа олинган ёшлар билан очиқ мулоқот ўтказди. Учрашувда 300 нафардан ортиқ йигит-қизлар иштирок этди. Туманда жами 287 нафар ёш оталиққа олинган бўлса, улардан 197 нафари ички ишлар органлари раҳбарларига бириктирилган.
Тадбир аввалида бириктирилган ёшлар билан олиб борилаётган ишлар таҳлил қилиниб, келгусида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар аниқ белгилаб олинди.
Мулоқот давомида ёшларнинг мурожаат ва таклифлари тингланди. Хусусан, пробация назоратида бўлган айрим ёшлар ҳисобдан чиқариш масаласида ёрдам сўради. Тузалиш йўлига ўтган фуқароларга нисбатан қонуний ечимлар белгилаб берилди.
Шунингдек, даволаниш, “метрика” ҳужжатларини расмийлаштириш, ишга жойлашиш, уй-жой таъмири, моддий ёрдам, таълимга тиклаш ҳамда контракт тўловларини қоплаш каби масалалар юзасидан билдирилган мурожаатларнинг аксарияти жойида ҳал этилди.
Тадбир якунида ёшларга хатолардан тўғри хулоса чиқариш, муносиб касб эгаллаб, жамиятда ўз ўрнига эга бўлиш ва юрт тараққиётига ҳисса қўшиш зарурлиги алоҳида таъкидланди.
Бундай амалий учрашувлар ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг муаммоларини тезкор ҳал этиш ва келажакка ишончини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Янги Наманган тумани ҳокимлиги ахборот хизмати









