ОАВ вакиллари Абу Райҳон Беруний маҳалласидаги янгиланишлар билан танишди
2026-02-10 10:10:00 / Матбуот анжуманлари
Пресс-турнинг дастлабки манзили Янги Наманган туманидаги Абу Райҳон Беруний номли маҳалла бўлди. Бу ерда ҳомийлик маблағлари асосида ҳудудни замонавий кўринишга келтириш ва аҳоли учун қулай муҳит яратишга қаратилган кенг кўламли ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда.

Лойиҳа доирасида кўп қаватли уйлар атрофи тартибга келтирилиб, замонавий автотураргоҳлар, дам олиш масканлари ҳамда болалар учун ўйин майдончалари барпо этилади. Шунингдек, чиқинди ташлаш учун махсус ҳудудлар ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари ташкил этиш кўзда тутилган.
Мазкур ишлар маҳалла муҳитини замонавийлаштириш, ҳудуд қиёфасини обод ва хавфсиз қилиш ҳамда аҳоли учун янада қулай яшаш шароитларини яратишга хизмат қилади. Шу каби лойиҳалар келгусида “Сиҳатгоҳ”, “Маънавият” ва “Оромгоҳ” маҳаллалари ҳудудларида ҳам босқичма-босқич амалга оширилиши режалаштирилган.
Янги Наманган тумани ҳокимлиги ахборот хизмати









