Янгиқўрғонда судлар ва Фавқулодда вазиятлар бўлими учун янги маъмурий бинолар қурилмоқда
2026-09-08 09:10:00 / Янгиликлар

Янгиқўрғон туманида замонавий инфратузилмани шакллантириш, давлат ташкилотлари учун муносиб иш шароитларини яратиш мақсадида бир қатор бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда.
Бугун туман ҳокимининг ҳудудлардаги ўрганишлари давомида «Қораёнтоқ» маҳалласи ҳудудида жиноят ва фуқаролик ишлари бўйича Янгиқўрғон туман судлари учун барпо этилаётган янги маъмурий бино қурилиши жараёнлари кўздан кечирилди.
Шунингдек, мазкур ҳудудда Фавқулодда вазиятлар туман бўлими учун ҳам замонавий маъмурий бино барпо этилмоқда.
Ўрганиш давомида объектлардаги қурилиш ишларининг бориши, лойиҳа асосида яратилаётган замонавий шарт-шароитлар ва иншоотларнинг келгусидаги аҳамияти муҳокама қилинди.
Қурилиш ишларини сифатли ташкил этиш, белгиланган муддатларда якунлаш ҳамда объектларни фойдаланишга тайёр ҳолга келтириш юзасидан масъулларга тегишли кўрсатмалар берилди.
Янги маъмурий биноларнинг барпо этилиши давлат хизматларини самарали ташкил этиш, ходимлар учун муносиб меҳнат шароитларини яратиш ва аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини янада оширишга хизмат қилади.
Янгиқўрғон тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати








