2026 йил 1 сентябрдан миллий қонунчиликда қандай ўзгаришлар бўлади?
2026-08-28 14:10:00 / Янгиликлар
2026 йил 1 сентябрдан миллий қонунчиликда кучга кирадиган асосий ўзгаришлар
Ўзбекистон Республикасида 2026 йил 1 сентябрдан қуйидаги асосий ўзгаришлар киритилди:
Хусусан:
1. Бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи ва стипендиялар миқдори 7 фоизга оширилади.
2. Мехнатга ҳақ тўлашн энг кам миқдори ва базавий ҳисоблаш миқдори ҳамда давлат божлари ва якка тартибдаги тадбиркорлар учун ижтимоий солиқ миқдорлари оширилади.
3. Газ баллон ускуналари бўйича амалдаги техник кўрикдан ўтмаган автомобилларга газ тўлдириш таъқиқланади.
4. Алоҳида таълимга эҳтиёжи бўлган болаларни таълимга жалб қилиш бўйича «оилабай» ишлаш тизими жорий этилади. Бунда ижтимоий ходим ота-оналарга таълим ва ижтимоий хизматлар олишда амалий кўмак кўрсатиб боради.
5. «1146» қисқа рақамли ишонч телефони орқали одам савдосидан жабрланган шахсларнинг мурожаатлари қабул қилинади. Уларга ижтимоий, психологик, ҳуқуқий ва бошқа масалалар бўйича маслаҳатлар берилади.
6. Бошпанасиз шахсларнинг розилигисиз уларни суд қарори асосида ижтимоий марказларга жойлаштириш амалиёти бекор қилинади. Улар фақат уларнинг розилиги билан жойлаштирилади, вақтинчалик бошпана, озиқ-овқат ҳамда шахсий гигиена воситалари билан таъминланади.
Бошпанасиз шахсларнинг бандлигини таъминлаш янги қоидалар асосида амалга оширилади.
7. Спорт мактаблари ходимларига оммавий спорт тадбирлари иштирокчиларини ривожлантириш ва саралаш ишлари ҳамда спорт натижалари учун базавий иш ҳақига ҳар ойлик қўшимча устамалар тўланади.
8. Электрон давлат харидлари тизимида аутсорсинг хизматларини ташкил этиш учун махсус саҳифа ишга туширилади.
9. Барча турдаги автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчалари ва газ қуйиш иншоотларида, шу жумладан ўз эҳтиёжлари учун ёқилғидан фойдаланадиган объектларда ортиқча босим остида ишлайдиган, хизмат муддати ўтган ёки ишлаб чиқарилган санаси номаълум бўлган ускуналардан фойдаланиш чекланади.
10. 17 сентябрга қадар бир қатор корхона ва ташкилотлар спиртли ичимликлар ва тамаки маҳсулотларининг зарари тўғрисидаги ахборот панелларининг янги намуналарини тайёрлашлари ва жойлаштиришлари лозим.
11.Йўловчилар автоматлаштирилган тўлов тизими терминаллари билан жиҳозланган автобусга чиқишда йўл ҳақини тўлашлари лозим.
12.«Чуқур даражадаги ақлий заифлик» ташхиси қўйилган 18 ёш ва ундан катта ёшдаги шахсларни парваришлаш билан банд бўлган қонуний вакилга ўзгалар парваришига муҳтож бўлган 18 ёшгача бўлган ногиронлиги бўлган болани парваришлаш бўйича нафақа миқдорида ҳар ойда парваришлаш нафақаси тўланади.
Тўлқинбой Хайдаров,
Янгиқўрғон тумани адлия бўлими
давлат хизматлари маркази директори
Олимжон Ахмедов,
марказнинг етакчи мутахассиси
