Қораполвон маҳалласида сайёр суд ва очиқ мулоқот ўтказилди.
2026-07-09 14:25:00 / Янгиликлар

Бугун Ёшлар куни муносабати билан “Намунали маҳалла” тизими орқали танлаб олинган Қораполвон маҳалласида туман ҳокими ва туман прокурори иштирокида, Жиноят ишлари бўйича туман суди тергов судьяси раислигида сайёр суд мажлиси ўтказилди.
Тадбир давомида ёшлар ўртасида содир этилаётган ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг сабаблари таҳлил қилиниб, уларнинг олдини олиш, профилактик чора-тадбирлар самарадорлигини ошириш ҳамда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, маҳалла еттилиги ва фаоллари иштирокида ёшлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш, ҳуқуқбузарликларни барвақт аниқлаш ва бартараф этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан тақдимот намойиш этилди.
Тадбирда меҳнат миграциясида бўлган ёшлар билан манзилли ишлаш, ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш ва яраштириш, оилавий ажримларнинг олдини олиш, хотин-қизлар ва ёшларга нисбатан зўравонлик ҳолатларига қарши курашиш, шунингдек, соғлом маънавий муҳитни шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Мутасаддилар томонидан маҳаллада тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш ҳамда уларни турли салбий таъсирлардан асраш борасидаги ишлар изчил давом эттирилиши таъкидланди.
Янгиқўрғон тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати







