Ёшлар учун IT имкониятлари кенгаймоқда.
2026-06-11 10:40:00 / Янгиликлар

Ёшлар куни муносабати билан Янгиқўрғон туманидаги 1-сонли техникумда IT таълим йўналишида фаолият юритаётган “In-Club” МЧЖ томонидан ташкил этилган замонавий ўқув марказининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда туман ҳокими, секторлар раҳбарлари, таълим соҳаси вакиллари ҳамда ёшлар иштирок этди.
"Келажак касблари" лойиҳаси доирасида ташкил этилган мазкур марказ ёшларни замонавий касбларга йўналтириш, ахборот технологиялари соҳасида билим ва кўникмаларини ошириш ҳамда уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этишга хизмат қилади.
Тадбирда туман ҳокими сўзга чиқиб, бугунги кунда IT соҳаси ёшлар учун энг истиқболли йўналишлардан бири эканини, рақамли технологияларни пухта ўзлаштирган ёшлар келажакда юқори натижаларга эришишини таъкидлади.
Мазкур марказда 30 нафардан ортиқ ёшларни киберхавфсизлик, сунъий интеллект, робототехника каби 8 та замонавий IT йўналишлари бўйича ўқитиш йўлга қўйилади.
Янгиқўрғон тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати






