Асрга тенг умр, меҳнатга йўғрилган ҳаёт
2026-05-08 21:15:00 / Янгиликлар

Асрга тенг умр, меҳнатга йўғрилган ҳаёт
Фаннура Бакирова ҳужжатларда 97 ёшни қарши олган бўлсалар-да, ўзларининг айтишларича, 1925 йилда туғилганлар. Демак, бугун 101 баҳорни қарши олаётган табаррук онахоннинг умр йўллари бутун бир давр тарихини ўзида мужассам этган.
Тошкент вилоятида туғилиб ўсган Фаннура опанинг болалиги ва ёшлиги Иккинчи жаҳон уруши йилларидаги оғир меҳнат, танқислик ва очарчилик даврига тўғри келди. Уруш майдонида бўлмаган бўлсалар-да, фронт ортидаги машаққатли меҳнатлари билан ғалабага муносиб ҳисса қўшган инсонлардан бири бўлдилар.
Кейинчалик янгиқўрғонлик Аълохон Валиев билан оила қуриб, 5 нафар фарзандни вояга етказдилар. Энг муҳими, фарзандларининг барчасини олий маълумотли қилиб тарбиялаб, жамиятга муносиб инсон этиб камол топтирдилар. Бу эса онахоннинг ҳаётдаги энг катта ютуқларидан бири бўлди.
Фаннура Бакирова узоқ йиллар давомида собиқ колхозларда, кейинчалик туман озиқ-овқат тайёрлов корхонасида ҳисобчи сифатида ишлаб, ўзининг масъулияти, меҳнатсеварлиги ва покиза феъли билан эл ҳурматини қозонди.
9 май — Хотира ва қадрлаш куни арафасида туман ҳокими А.Нажмиддинов фронт орти меҳнат фахрийси хонадонида бўлиб, онахон ҳолидан хабар олди.
Фаннура опанинг нуроний чеҳраси, ҳаёт синовларида тобланган матонати ва шукроналикка тўла суҳбатлари йиғилганларга катта таъсир қилди. Бундай инсонлар — юртнинг тирик тарихи, сабр ва меҳнат тимсолидир.
Янгиқўрғон тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати

