Ўзбекистон ва Жанубий Корея ҳамкорлиги — Янгиҳаёт саноат хаби учун янги истиқболлар эшигини очади
2026-09-17 16:35:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Давлатимиз раҳбарининг Корея Республикасига амалга оширган давлат ташрифи нафақат мамлакатимизнинг ташқи иқтисодий алоқаларида янги босқични очди, балки ҳудудлар, хусусан, пойтахтимизнинг энг ёш ва шиддат билан ривожланаётган Янгиҳаёт тумани учун улкан имкониятлар эшигини кенг очди.
Бугунги кунда Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасидаги стратегик шериклик муносабатлари юксак технологиялар, инвестиция ва саноат кооперациясига таянмоқда. Ушбу келишувларнинг амалий самарасидан айнан Янгиҳаёт туманининг манфаати ниҳоятда юқоридир.
Янгиҳаёт тумани қисқа давр ичида йирик ишлаб чиқариш ва логистика марказига айланди. Бугун туманимизда:
-
юзлаб замонавий ишлаб чиқариш корхоналари, жумладан, енгил ва оғир саноат, қурилиш материаллари ҳамда қайта ишлаш қувватлари фаолият юритмоқда;
-
«Янгиҳаёт» индустриал технопарки хорижий инвесторлар учун тайёр инфратузилмага эга қулай майдонча вазифасини ўтамоқда;
-
транспорт-логистика тугунларининг мавжудлиги маҳсулотларни экспортга йўналтиришда катта устунлик бермоқда.
Жанубий Корея дунёда юқори технологиялар, «яшил» энергетика, электротехника ва автоматлаштирилган саноат бўйича етакчи ўринлардан бирини эгаллайди. Давлатимиз раҳбарининг мазкур тарихий ташрифи доирасида эришилган олий даражадаги келишувлар ҳамда имзоланган стратегик ҳужжатлар Янгиҳаёт туманининг иқтисодий салоҳиятини янги босқичга олиб чиқишда, саноат тармоқларини модернизация қилиш ва ҳудуд инфратузилмасини комплекс ривожлантиришда кучли стратегик драйвер вазифасини ўтайди.
Тумандаги мавжуд корхоналарга Кореянинг энергия тежамкор, автоматлаштирилган замонавий технологияларини жорий этиш орқали маҳсулотлар таннархини камайтириш ва сифатини жаҳон стандартларига кўтариш, технопарк ҳудудида кореялик инвесторлар билан ҳамкорликда юқори қўшилган қийматли тайёр маҳсулот ишлаб чиқарувчи корхоналарни ташкил этиш имконияти юқоридир. Технологик янгиликларнинг кириб келиши маҳаллий ёшларимиз учун замонавий муҳандислик ва технологик соҳаларда юқори даромадли иш ўринларини яратишга хизмат қилади.
Халқ депутатлари Янгиҳаёт тумани Кенгаши депутати сифатида шуни таъкидлашим жоизки, давлатимиз раҳбари томонидан яратиб берилаётган бундай кенг кўламли имкониятларни жойларда тўлиқ рўёбга чиқариш бизнинг асосий вазифамиздир. Мазкур ташриф натижасида эришилган келишувлар Янгиҳаёт туманини нафақат пойтахт, балки бутун республика миқёсидаги илғор саноат драйверига айлантиришда муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилади.
С. Вафоев
Халқ депутатлари Янгиҳаёт тумани Кенгаши раиси.
