Янгиҳаёт тумани ҳокимининг аҳоли ва тадбиркорларга мурожаати
2026-09-12 21:05:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Ҳурматли янгиҳаётликлар!
Давлатимиз раҳбарининг Тошкент шаҳрига ташрифлари доирасида туманимиз аҳолиси ва тадбиркорлик субъектларига қулай шарт-шароитлар яратиш орқали, уларни давлатдан рози қилиш ҳамда белгиланган устувор мақсадларга эришиш бўйича топшириқларни олдик.
Берилган барча топшириқлар туманимизни янада ривожланиши, инвесторлар учун жозибадор бўлиши, саноатлашиши ва обод бўлишига тегишли.
Эътибор қаратишимиз зарур бўлган масалалар:
- Туманимиз Тошкент шаҳрига кириш дарвозаларидан бири бўлишига қарамасдан йирик логистика марказларини ташкил этиш имкониятларимиздан тўлиқ фойдаланганимиз йўқ.
- Туманимизда охирги 5 йилда 2 та умумий майдони 870 гектарга яқин саноат зоналари, 100 дан ортиқ ишлаб чиқариш корхоналари ташкил этилганига қарамасдан замонавий бизнес ва молиявий марказлар мавжуд эмас.
- Охирги йилларда кўп квартирали уйлар қурилиб, фойдаланишга топширилган бироқ уларда яшовчи аҳолини ижтимоий инфратузилма боғча, мактаб, тиббиёт муассасалари билан таъминлаш ишлари талабга жавоб бермайди.
- “Жалоир”, “Янги Гулзор”, “Хўжа Учқун” маҳаллаларида марказлашган ичимлик суви таъминоти охирига етказилмаган.
Буларни туман ҳокими сифатида ўзимнинг камчилигим деб тан оламан ва улар бўйича нима қилишимизни айтаман.
Маҳаллалар
Туманимиздаги 30 та маҳаллада ободонлаштириш ишлари олиб борилади. Ҳар бир маҳалла бўйича лойиҳа маҳалла фаоллари иштирокида муҳокама қилинади.
Малакаси етарли, маҳаллада обрў ва эътибори бўлган, масъулиятли маҳалла раислари атрофида нуронийлар жамоасини шакллантириб берамиз.
Иш ўрни, инвестиция ва даромад
Камбағалликни қисқартириш борасида 4 030 та аҳоли даромадини ошириш, 3 270 та ишсиз фуқароларни ишга жойлаштириш, 771 та ўзини ўзи банд қилиш ва 45 та оилавий тадбиркорликни ривожлантириш лойиҳаларини амалга оширишимиз зарур.
Кўп қаватли уйларнинг биринчи қаватини нотурар жойга ўтказмасдан савдо ва хизмат кўрсатишга мослаштиришга рухсат берилди (туманимизда бундай имкониятга эга 5 мингта квартира бор). Тадбиркорлар учун гаровсиз кредит лимити 100 миллиондан
200 миллион сўмга оширилди.
Шу йилнинг ўзида 4 та банк билан бирга 200 нафар янги тадбиркорни ишга тушириб, 1 мингта иш ўрни яратамиз.
Туманда 75,3 млрд сўмлик 6 та давлат объекти ва 1,5 трлн сўмлик 70 гектарга яқин ерлар савдога чиқарилмоқда. Улар бўш ер сифатида эмас, тайёр лойиҳа кўринишида таклиф қилинади
Тумандаги иккита саноат зоналарида 100 га яқин тадбиркорлар билан ишлаймиз: мақсад — иш ўринларини ҳозирги 18 мингдан 50 мингтага етказиб, қўшимча қиймат занжирини яратамиз.
Туманда инвестиция режаси 500 млн доллар. Мазкур режани тўлиқ бажариб, “Янги авлод” махсус саноат зонаси ҳудудидаги 100 гектар ер майдонида Бирлашган Араб Амирликларидан жалб этилган инвестор билан ҳамкорликда умумий қиймати 290 млн доллар бўлган “қуруқ порт” форматида логистика маркази қурилиши бошланади.
“Гулшанобод” маҳалласида қиймати 1 млрд долларлик “Yangihayot city” лойиҳаси бошланиб, лойиҳа доирасида 2 та “Mall” ва бизнес марказлари қурилади.
Йил якунига қадар саноат ишлаб чиқариш ҳажми 16,8 трлн сўмга (ўсиш суръати 110 фоизга) ҳамда хизматлар хажмини 7,7 трлн сўмга (ўсиш суръати 117 фоизга) бажарилишини таъминлайман.
Туманимизнинг ички салоҳияти ва имкониятидан келиб чиқиб, Тошкент вилояти аҳолисини янги яратилаётган ва мавжуд бўш иш ўринлари ҳисобига иш билан таъминловчи марказга айлантирамиз.
Бунинг доирасида вилоятдан 2 100 нафар ишсиз фуқаролар жалб қилиниб, тумандаги 75 та корхонага ишга жойлаштирилади.
Боғча, таълим, тиббиёт
Навқирон, Янги Дархон, Янги Гулзор, Чортоқ маҳаллаларида давлат боғчалари;
Хўжа Учқун, Навқирон, Хушнуд, Чароғон, Янги Чоштепа маҳалларида умумтаълим мактаблари ва уларга қўшимча бинолар қурилишини бошлаймиз.
Янги Дархон маҳалласида аҳоли сони кескин ортиб кетгани сабабли оилавий поликлиника қурамиз.
Ижтимоий ҳимоя
Ногиронлиги мавжудлигига қарамасдан ишлаш истаги бор бўлган 255 нафар фуқароларимизни доимий иш билан таъминлаймиз.
Туманимиздаги 1 942 та оила ижтимоий реестрда бўлиб, уларда жами 7 059 нафар оила аъзоси истиқомат қилади. Реестрдаги 1 700 та оилада меҳнатга лаёқатли аъзолар мавжуд бўлиб, уларни банд қилиб, даромадини ошириш имкони бор.
Биз ушбу оилаларга фақат ижтимоий ёрдам кўрсатиш билан чекланмай, уларни доимий даромад манбаига эга оилаларга айлантиришни асосий вазифа қилиб олганмиз.
Куз-қиш мавсуми
Энергетика ва коммунал инфратузилманинг барқарор ишлаши учун шахсан жавоб бераман ва масъулиятни оламан. Ноқонуний қурилмаларни аниқлаш иши бир кун ҳам тўхтамайди – бунда ҳеч кимга имтиёз бўлмайди.
Ичимлик суви таъминотини 100 фоизга етказамиз. Узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш мақсадида янги қурилган 2 та ва модернизация қилинган 1 та подстанция тўлиқ ишга туширилади.
Яшил макон ва ободонлаштириш
Куз мавсумида 59 мингта дарахт экамиз. 7 та кўчаларимизда Қўрғонтепа кўчасидаги “павлония кўчаси” намунасида манзарали дарахтларга ихтисослашган умумий узунлиги 10 км бўлган тематик хиёбонлар, Чортоқ, Янги Чоштепа ва Ташаббус маҳаллаларида умумий майдони 14 гектар бўлган “жамоат парклари” ташкил этамиз.
Шокирариқ, Қўрғонтепа, Қипчоқ, Мирзо Турсунзода, Лутфкор, Қўрғонтепа кўчаларида: 24 км йўл қоплами ва пиёда йўлаклари қурилади, 500 та ёритиш ва хавфсизлик камералари ўрнатилади, биринчи қаватлардаги 5 200 та савдо ва хизмат объектлари ягона кўринишга келтирилади, 35 минг квадрат метр жой кўкаламзорлаштирилиб, 300 та ўтириш жойлари ўрнатилади.
Янгиҳаёт тумани ҳокими сифатида:
2026 йил якунига қадар белгиланган мақсадларга эришишга,
2027 йилда эса иқтисодиёт, таълим, соғлиқни сақлаш, экология бўйича 400 млрд сўмлик 66 та янги лойиҳаларни амалга ошириб, бошланган ишларни янги босқичга олиб чиқишга кафолат бераман.
Сизлардан эса, ҳар қандай мурожаатларингизни, ҳар куни маҳаллаларга борганимда ёки 71-210-60-04 телефон рақами, @yangihayottumanihokimligibot орқали юборишингиз сўралади.
Азиз тумандошлар ва ҳурматли ишбилармонлар!
Юқорида белгиланган ҳар бир мақсад ортида туманимиз фаровонлиги ва халқимизнинг эртанги кунга бўлган ишончи мужассам. Барча куч ва имкониятларимизни сафарбар этган ҳолда, туманимизни камбағаллик ва ишсизликдан батамом холи ҳудудга айлантиришга ҳамда эришилган бу натижани барқарор сақлаб қолишга қатъий ваъда бераман.
Ишончим комилки, сизларнинг қўллаб-қувватлашингиз, ҳалол меҳнатингиз ва кучли жамоатчилик назорати билан биз кўзланган марраларга албатта эришамиз ҳамда Янгиҳаёт туманимизни пойтахтдаги энг илғор, обод ва намунали ҳудудлардан бирига айлантирамиз.
Туманимизнинг фаровон келажаги ва юксалиши йўлида барчамиз бир тану бир жон бўлиб ҳаракат қилайлик!
Ҳурмат билан,
Туман ҳокими Х. Иногамов
