Корхоналарнинг экспорт салоҳиятини оширишга жиддий эътибор қаратилмоқда
2026-07-14 11:50:00 / Янгиликлар

Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Янгиҳаёт туманида бўлиб, туман ҳокимининг ўринбосари ва мутасаддилар билан биргаликда ҳудуддаги бир қатор ишлаб чиқариш корхоналари фаолиятини ўрганди.
Ўрганишлар давомида масъуллар «Perfect Leader Electrical» электр техника маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхонаси, «Firdavs Shirinliklari» қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳаси, «Solid Cabel» электр кабеллари ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхонаси ҳамда «Maxcopper» МЧЖнинг мис қувур маҳсулотларини ишлаб чиқариш лойиҳасида бўлиб, уларнинг ишлаб чиқариш қуввати, мавжуд имкониятлари ҳамда экспорт салоҳияти билан яқиндан танишди.
Шунингдек, ташриф якунида «Янги Авлод» махсус саноат зонасида Янгиҳаёт ва Сергели туманларида фаолият олиб бораётган тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ҳам ташкил этилди. Мулоқот давомида корхоналар фаолиятини янада ривожлантириш, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, ташқи бозорларга чиқиш имкониятларини кенгайтириш ҳамда ишлаб чиқариш жараёнида учраётган айрим муаммо ва тўсиқларни бартараф этиш масалалари муҳокама қилинди.
