Янгиҳаёт тумани прокурорининг туман аҳолисига мурожаат
2026-04-11 15:30:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Ҳурматли туман аҳолиси!
Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026-йил 5-январдаги ПҚ–1-сонли қарори ижроси ҳамда Тошкент шаҳрида хавфсиз муҳитни шакллантириш ва жамоат хавфсизлигини самарали таъминлаш бўйича белгиланган вазифалар доирасида Янгиҳаёт тумани маҳаллаларида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Янгиҳаёт тумани прокуратураси томонидан туман ИИО ФМБ ва бошқа мутасадди идоралар билан ҳамкорликда жорий йилнинг ўтган 3 ойи давомида криминоген вазиятни барқарорлаштириш, жиноятларнинг олдини олиш, уларни ўз вақтида аниқлаш ва фош этиш, жамоат тартибини сақлаш ҳамда фуқаролар хавфсизлигини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ташкилий ва амалий тадбирлар олиб борилди.
Натижаларга кўра, 2026-йилнинг дастлабки 3 ойида туман ҳудудида жами 165 та жиноят қайд этилди. Шундан 52 таси (31,5%) — олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар, 112 таси (67,8%) — аниқланган жиноятлар ҳамда 236 таси ахборот технологиялари соҳасига оид жиноятларни ташкил этди. 2025-йилнинг мос даврига нисбатан умумий жиноятчилик 24 тага ёки 17,0%га ошган бўлса-да, олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар 5 тага ёки 8,8%га камайган. Шу билан бирга, жиноятларни аниқлаш кўрсаткичи 29 тага ёки 34,9%га яхшиланди.
Эътиборлиси, йил бошидан буён босқинчилик ва автотранспорт воситаларини олиб қочиш жиноятларига йўл қўйилмади. Қасддан оғир тан жароҳати етказиш, ўғирлик ва безорилик жиноятлари сезиларли даражада камайди.
Олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, вояга етмаганлар томонидан содир этилган жиноятлар 100%га, ёшлар ўртасида 28,6%га ҳамда муқаддам судланган шахслар томонидан содир этилган жиноятлар 33,3%га камайган.
Шунингдек, криминоген вазияти оғир маҳаллаларда илмий-амалий ёндашув асосида манзилли ўрганишлар олиб борилиб, ҳуқуқбузарликларга сабаб бўлаётган омиллар аниқланиб, уларни бартараф этиш бўйича самарали механизмлар жорий этилди. Ушбу ёндашув бугунги кунда ўз ижобий натижаларини бермоқда.
Президент қарори ижроси доирасида амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида тумандаги 30 та маҳалланинг 21 таси (70,0%) “яшил” ҳудудга, 7 таси (23,3%) “сариқ” ҳудудга ва 2 таси (6,7%) “қизил” ҳудудга киритилди.
Ҳурматли фуқаролар!
Жамоат хавфсизлигини таъминлаш — фақатгина ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг эмас, балки ҳар биримизнинг умумий вазифамиздир. Сизларни қонунларга ҳурмат билан қарашга, ҳуқуқбузарликларга бефарқ бўлмасликка ва профилактик тадбирларда фаол иштирок этишга чорлаб қоламиз.
Тинчлик ва осойишталик — барчамизнинг энг катта бойлигимиздир.
Ҳурмат билан,
Янгиҳаёт тумани прокурори
М. Е. Шукуруллаева
