Янгиҳаёт тумани ҳокимининг 2025 йилда амалга оширилган ишлар бўйича ҳисоботи
2026-02-26 17:10:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Макроиқтисодий кўрсаткичлар
Кейинги беш йил ичида туманимиз нафақат Тошкент шаҳрининг, балки бутун республиканинг диққат марказида бўлган жадал ўсишни намойиш этди. Бу, биринчи навбатда, макроиқтисодий кўрсаткичларда ўз аксини топди.
Аввало, аҳолимиз сони сезиларли даражада ошди. 2021 йилдаги 160,4 минг кишидан 2025 йил якунига келиб, аҳолимиз сони 205,4 минг нафарга етди. Бу шунчаки рақам эмас, балки туманимизнинг жозибадорлиги, бу ерда яшаш ва ишлаш учун яратилаётган шарт-шароитлар натижасидир. Ўсишнинг 65 фоизи айнан миграция ҳиссасига тўғри келяпти, бу эса одамларнинг бу ерга келиб, умргузаронлик қилишни исташини кўрсатади.
Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми эса мисли кўрилмаган даражада — 4,5 баробарга ўсиб, 13,6 триллион сўмга етди. Аҳоли жон бошига саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 3,3 баробарга ошди. Бунинг ортида металлургия, енгил саноат ва қурилиш материаллари каби “драйвер” соҳаларимиздаги корхоналарнинг фидокорона меҳнати турибди.
Бозор хизматлари ҳажми 3 баробарга ўсиб, 6,1 триллион сўмни ташкил этди. Бу ерда молиявий хизматлар, алоқа ва ахборотлаштириш, транспорт ва кўчмас мулк хизматлари етакчилик қилмоқда. Аҳоли жон бошига хизматлар ҳажми 31,7 миллион сўмга етди, бу одамларимизнинг турмуш даражаси ошаётганининг яна бир тасдиғидир.
Қурилиш соҳасида ҳам сезиларли ўсиш кузатилди — ҳажм 2,9 баробарга ошди. Сўнгги беш йилда 209 та кўп қаватли уй-жойлар қурилиб, фойдаланишга топширилди. Бу 12950 та оиланинг уй-жой масаласи ижобий ҳал бўлгани, уларнинг янги, замонавий хонадонларга эга бўлганидир. Бу эса, ўз навбатида, бир нафар аҳолига тўғри келадиган уй-жой майдонини 23 квадрат метрга етказди.
Иқтисодий ўсишнинг энг муҳим натижаси — бу аҳоли бандлиги ва даромадларининг ошишидир. Туманда банд аҳоли сони 42,9 минг нафарга етди. Энг муҳими, камбағаллик даражасини кескин пасайтиришга эришдик. Агар 2021 йилда бу кўрсаткич 10,6 фоиз бўлган бўлса, 2026 йилнинг 1 январь ҳолатига камбағаллик даражаси атиги 2,1 фоизни ташкил этмоқда. Ўтган йилнинг ўзида 1757 та оила ёки 7001 нафар аҳолига камбағалликдан чиқиш учун аниқ кўмак кўрсатилди. Уларга иш топишда, кредит олишда, тадбиркорликни бошлашда ёрдам бердик. Бу рақамлар ортида одамлар такдири, уларнинг фаровонлиги томон ташланган қадамлар турибди. “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида 1065 та оила даромадини ошириб, реестрдан чиқарилди. Бу бизнинг йўналишимиз тўғри эканини кўрсатади.
Ёшлар сиёсати ва ижтимоий соҳа
Тараққиётнинг асосий омили бу — инсон капитали, хусусан, ёшлар ва уларнинг сифатли таълим олишидир.
Таълим соҳасида туманимизда 89 та мактабгача таълим ташкилоти фаолият юритмоқда. Болаларни боғчага қамраб олиш кўрсаткичи 76,1 фоизга етди. 20 та умумтаълим мактабимизда 27 минг 588 нафар ўқувчи билим олмоқда. Жорий ўқув йилида 3 минг 58 нафар биринчи синф ўқувчиси мактабга қадам қўйди.
Фарзандларимиз учун энг замонавий шароитларни яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. “Тошкент тажрибаси” асосида 332-сонли мактабимиз инклюзив ва замонавий таълим учун тўлиқ мослаштирилди. Илк бор жорий этилган “Ҳоким кубоги” мусобақасида 45 нафар иқтидорли ёш ғолибликни қўлга киритиб, “Ҳоким стипендияси” соҳиби бўлди. “Янги Умид” маҳалласидаги 329-мактабда 9 та йўналишда бепул тўгараклар очилди. Шунингдек, “Янги Гулзор” маҳалласидаги 335-сонли умумтаълим мактабида реконструкция ишлари амалга оширилди.
Ёшлар билан ишлаш тизими ҳам тубдан ўзгарди. Маҳаллаларда ўтказилган хатлов натижасида 24 минг 928 нафар ёш уч тоифага ажратилди ва ҳар бири билан алоҳида ишлаш йўлга қўйилди. 120 нафар ишсиз ёшнинг 69 нафари иш билан таъминланди. “Беш ташаббус” платформаси орқали 33 минг 340 нафар ёш рўйхатдан ўтиб, турли танлов ва мусобақаларда қатнашиш имконига эга бўлди. Натижада ёшларимиз шаҳар ва республика мусобақаларида гандбол, стол тенниси, шашка, гимнастрада ва кураш бўйича фахрли ўринларни қўлга киритди. Президентимиз фармонига мувофиқ, 2 нафар ижтимоий кўмакка муҳтож ёшнинг ўқув контракт тўловлари қоплаб берилди.
Тиббиёт соҳасида 3 та бирламчи тиббиёт муассасаси ва 6 та ихтисослашган профилактика муассасаси аҳолига хизмат кўрсатмоқда. Ўтган йили 2240 нафар чақалоқ дунёга келди. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг буйруғига асосан, ижтимоий кўмакка муҳтож фуқароларга 138 турдаги дори-дармон воситалари бепул берилди.
Маънавият, спорт ва маданият йўналишида ҳам қатор ишлар амалга оширилди. Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш масалаларини мувофиқлаштириш бўйича туман Ишчи гуруҳи фаолияти йўлга қўйилиб, “Долзарб 90” кун доирасида 893 та тадбир ўтказилиб, 41 минг 439 нафар ёш қамраб олинди. Мактабдаги “Касб маркази” ва кундузги оромгоҳларда дам олган 700 нафардан ортиқ ўқувчилар учун ички туризм саёҳатлари уюштирилди.
Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш
Хотин-қизларнинг жамиятдаги фаоллигини ошириш, уларни қўллаб-қувватлаш доимий эътиборимиз марказида. “Аёллар дафтари” тизими орқали 5724 нафар хотин-қизнинг муаммоси ўрганилиб, ҳар бирига амалий ёрдам кўрсатилди. Уларнинг 2097 нафар фарзандига тиббий ёрдам учун 30 миллион сўм маблағ ажратилди.
Президентимиз қарорига мувофик, эҳтиёжманд хотин-қизларнинг дам олиши ва психологик ёрдам олиши учун “Ливингстон” меҳмонхонасига сафарлар уюштирилиб, 750 нафар хотин-қиз қамраб олинди ва уларга тадбиркорлик кўникмалари бўйича семинарлар ташкил этилди. Бу ишлар натижасида барча 5724 нафар хотин-қиз муаммолари ҳал бўлгани сабабли “Аёллар дафтари”дан чиқарилди.
Оила мустаҳкамлигига алоҳида эътибор қаратилмоқда. 749 та никоҳдан 702 таси расмийлаштирилиб, 165 та ёш оила оилавий ҳаётга тайёрлаш марказларида ўқитилди. Ажрашган оилалар сони эса 190 тадан 167 тага, яъни 23 тага камайди.
Инфратузилмани ривожлантириш
Тараққиёт нафақат рақамларда, балки кўчаларда, уйларда, инсонлар яшайдиган муҳитда намоён бўлади. Кейинги йилларда туман инфратузилмасини тубдан яхшилашга алоҳида эътибор қаратилди.
Куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида барча коммунал хизмат ташкилотлари билан ҳамкорликда кенг кўламли ишлар амалга оширилди.
- Электр таъминотида: 7 та трансформатор пункти қувватлироғига алмаштирилиб, 37 км ҳаво электр тармоқлари янгиланди. Жами 467 та трансформатор пункти мавжуд бўлиб, уларнинг кўпчилигида таъмирлаш ишлари бажарилди.
- Иссиқлик таъминотида: “VEOLIA ENERGY” томонидан 2 та қозон мукаммал, 25 та қозон жорий таъмирланди. 3,8 км эскирган иссиқлик қувурлари алмаштирилди. 566 та кўп қаватли уйнинг иссиқлик тизимлари босим остида ювилиб, 596 та иссиқлик боғламаларида профилактика ишлари олиб борилди.
- Табиий газ, сув ва оқова сув тармоқларида ҳам мунтазам равишда таъмирлаш ва янгилаш ишлари олиб борилди. Жумладан, 2025 йилда 0,65 км ва 9 та ГТП мукаммал таъмирланди. 265 та ГТП техник тафтишдан ўтказилиб, 26,6 км ер ости тармоғи текширилиб, 8,9 км газ қувурлари тартибга келтирилди. 1,7 км сув қувури, 374 пм оқова сув тармоғи мукаммал таъмирланди.
- Ёритиш тизимида 11,8 км ҳаво симлари замонавий СИП кабелларига алмаштирилиб, 300 дона чироқ таъмирланди ва 430 та кронштейн бўялди. Ҳозирда корхона тасарруфида 5 минг 696 та замонавий ёритгич мавжуд.
Ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш борасида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилди. Ички кўчаларга 51 минг 209 кв.м асфальт ётқизилиб, 980 минг кв.м ҳудуд санитар тозаланди. “Яшил макон” дастури доирасида 3 минг 109 туп дарахт ва 2591 туп бута кўчатлари, 47 минг 700 дона гул кўчатлари экилди. Қипчоқ кўчасида 15 минг кв.м яшил майдонга сунъий суғориш тизими ўрнатилди.
Кўп қаватли уйларни сақлаш борасида ҳам кўплаб ишлар қилинди. Жумладан, 19 та уйнинг томи таъмирланди, 59 та кириш йўлаклари ободонлаштирилиб, 25 тасига темир эшик ўрнатилди. 17 та муддати ўтган лифт янгисига алмаштирилди, 43 та лифт эса таъмирланди. Шунингдек, 3 минг 801 та энергия тежамкор ҳаракат датчикли ЛЭД лампалар ўрнатилди.
Умумий қурилиш ва капитал таъмирлаш ишлари доирасида эса аҳоли дам олиши учун 6 та сайилгоҳ, 12 та болалар ва спорт майдончалари, 3 та мини-стадион барпо этилди. Транспорт инфратузилмасини яхшилаш мақсадида 7,8 минг кв.м вело йўлак ва 9,3 минг кв.м пиёдалар йўлаклари қурилди. Энг муҳими, ижтимоий соҳа объектлари — 1 та марказий поликлиника, 720 ва 990 ўринли 2 та мактаб, СЭС биноси ва ИИО ФМБ биноси қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Инвестиция ва ташқи иқтисодий фаолият
Тараққиётнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучи — инвестициядир. 2025 йилда асосий капиталга инвестициялар 4,6 баробарга ошиб, ҳажми 6,9 трлн сўмга етди.
2026-2028 йилларга мўлжалланган дастур асосида туманда 94 та корхона томонидан умумий қиймати 17,4 триллион сўмлик лойиҳалар амалга оширилиши режалаштирилган. Бу лойиҳалар натижасида 5 минг 174 та янги иш ўринлари яратилади. Уларнинг ярмидан кўпи — 3 минг 84 таси саноат корхоналарида, қолганлари хизмат кўрсатиш ва қурилиш соҳаларида бўлади.
Ташқи савдо фаолиятига келадиган бўлсак, 2025 йил якунида экспорт ҳажми 2,9 баробарга ошиб, 223,7 миллион долларга етди. Экспортда электротехника воситалари (45,1%), қурилиш маҳсулотлари (26,6%) ва металлургия маҳсулотлари (10,7%) етакчилик қилмоқда.
