Янгиҳаёт тумани ИИО ФМБ бошлиғининг туман аҳолисига мурожаати
2026-01-16 13:00:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Ҳурматли туманимиз фуқаролари ва меҳмонлари!
Муҳтарам Президентимизнинг маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш, шунингдек, ички ишлар органлари билан боғлиқ бир қатор муҳим қарорлар ижросини таъминлаш мақсадида туманимиздаги криминоген вазиятни янада барқарорлаштириш, жиноятчиликни олдини олиш бўйича профилактик чора-тадбирлар мунтазам амалга оширилмоқда.
Ушбу мурожаатимнинг мақсади ҳам туманимиз аҳолисини криминоген вазиятдан огоҳлантириш ҳамда жиноятлардан жабрланиш эҳтимолини минимал даражага туширишдан иборатдир. Биз жиноятларнинг оқибатлари билан курашиш эмас, балки уларнинг содир этилишига олиб келувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш чораларини кўришга алоҳида эътибор қаратишимиз лозим.
Шу муносабат билан туман ҳудудидаги жиноятчилик бўйича қисқача маълумот берамиз. Жорий йилнинг 12 ойи давомида туманимиз ҳудудида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор қидирув ва профилакктик тадбирлари натижасиида, 403 та жиноят ҳамда 10 694 та ҳуқуқбузарлик содир этган шахслар аниқланди.
77 нафар шахс реабилитация марказларига жойлаштирилди, профилактик ҳисобда турган 569 нафар тажавузкор руҳий касал, гиёҳванд ва спиртли ичимликка мойил шахсларнинг 42 нафари мажбурий даволанишга ётқизилди. 228 нафар тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларга ҳимоя ордерлари берилди. Профилактика инспекторлари томонидан жиноят қилишга мойил ҳамда жиноятдан жабрланиш хавфи юқори бўлган 4 121 нафар шахслар бўйича маҳалла еттилигига хулосалар тақдим этилди.
Туманимиз ҳудудида олдини олиш мумкин бўлган жиноятларнинг сезиларли даражада камайишига эришилди. Ўғирлик, Безорилик, Транспорт воситасини олиб қочиш, енгил ва ўртача оғир тан жароҳати етказиш каби жиноятлар камайди. Жами олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар 49 тага ёки 11,3% га камайди.
Маҳаллаларда хавфсиз муҳит яратиш борасида амалга оширилган тадбирлар натижасида 30 та маҳалланинг 24 тасида жиноятлар сони камайган бўлса, 6 тасида жиноятлар содир этилмади.
Биринчи долзарб муаммо: ахборот технологиялари орқали содир этилаётган жиноятлар, яъни кибер жиноятлар.
Кибер жиноятларнинг асосий қисмини онлайн пул кўпайтириш (трейдинг)да, ҳамда интернет орқали буюртма қилинган нарса-буюмлар учун пластик карталардан пул ўғирлаш ҳолатлари бўлган. Жиноятчилар сунъий интеллектдан фойдаланиб, машҳур шахсларнинг сохта видеоларини яратиб, аҳолини алдамоқда.
Ҳозирги кунда туманимизда тасодифий жиноятлар сони ортиб бормоқда. Бу жиноятларнинг аксарияти арзимас сабаблар туфайли содир этилмоқда. Масалан, йўл талашиш ёки тортишиш оқибатида содир бўлган жиноятлар.
Бундан ташқари¸ тадбирлар давомида ёшлар ёнидан ўткир тиғли жисмлар ҳамда гиёҳвандлик воситалари аниқланиб, қонун доирасида чоралар кўрилмоқда. Ёшлар томонидан ўткир жисмлар ёрдамида тан жароҳати етказиш ҳолатлари ҳам кузатилмоқда. Шу ўринда эслатиб ўтиш лозимки, совуқ қурол ёки совуқ қурол сифатида фойдаланиши мумкин бўлган ашёларни олиб юриш Ўзбекистон Республикаси Маъмурий Жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 185-моддаси прим 2-қисмига кўра маъмурий жавобгарликка тортилишга асос бўлади.
Ҳурматли фуқаролар!
Телеграм каналлари орқали барча учун янгиликлар, кибер жиноятчиликнинг янги турлари, улардан ҳимояланиш усуллари ва бошқа маълумотларни етказиб боришни режалаштирганмиз. Шу мақсадда 30 та маҳалланинг ҳар бири учун телеграм мессенжерида гуруҳлар ташкил этилган. Маҳалла – мактаб – оила ҳамкорлиги асосида ҳуқуқбузарликларни олдини олишда барча аҳолини фаол бўлишга чақирамиз.
Агар ҳуқуқбузарликлар ёки жиноятлар ҳақида маълумотга эга бўлсангиз, 102 рақами ёки ишонч телефонлари орқали хабар беринг.
Юртимиз тинч, хонадонимиз файзли бўлсин! Биргаликда туманимизни жиноятдан холи ҳудудга айлантирайлик!
