Тошкент шаҳар Яккасарой тумани бўйича ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи подполковник А.Х.Муродовнинг
2026-10-16 09:55:00 / Янгиликлар

Бугунги кунда туманимизда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда жиноятчиликка қарши курашиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Бу борада, аввало, ҳар бир маҳалладаги мавжуд муаммоларни ўрганиш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларга олиб келиши мумкин бўлган сабабларни аниқлаш ҳамда уларни ўз вақтида бартараф этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Айниқса, ҳар бир фуқаро билан алоҳида ишлаш, унинг муаммосини ўрганиш ва зарур ҳолларда амалий ёрдам кўрсатишга қаратилган “фуқаробай” ишлаш тизими асосида ишлар олиб борилмоқда.
Шунингдек, “Хавфсиз ҳудуд” тамойили асосида маҳаллаларда жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва аҳоли билан профилактик суҳбатлар ўтказиш ишлари кучайтирилмоқда.
Энг муҳими, жиноят содир бўлгандан кейин уни бартараф этиш эмас, балки жиноятга олиб келиши мумкин бўлган ҳолатларни олдиндан аниқлаш ва унинг олдини олишга ҳаракат қилмоқдамиз.
Шу ўринда туманимиздаги жиноятчилик аҳволи бўйича айрим рақамларга тўхталиб ўтсам.
Жорий йилнинг 9 ойи давомида туман ҳудудида жами
595 та жиноят қайд этилган.
Сентябрь ойининг ўзида 46 та жиноят содир этилган бўлиб, бу август ойига нисбатан 2 тага ёки 4,5 фоизга кўп.
Айрим турдаги жиноятлар сентябрь ойи якуни бўйича август ойига нисбатан солиштириш йўли билан таҳлил қилинганда, уларда ўсиш кузатилган, албатта, биз учун жиддий огоҳлантирувчи ҳолат.
Жумладан:
безорилик жинояти 1 тадан 2 тага кўпайган;
оғир тан жароҳати етказиш жинояти 0 тадан 1 тага ошган;
фирибгарлик жинояти 1 тадан 2 тага кўпайган.
Бу рақамлар профилактик ишларни янада кучайтиришимиз, айниқса, жиноят содир этилишига сабаб бўлаётган омилларни ўз вақтида аниқлаб, бартараф этишимиз зарурлигини кўрсатмоқда.
Шу билан бирга, ижобий натижаларимиз ҳам бор.
Хусусан, олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар 29 тадан 16 тага, яъни 44,8 фоизга камайди. Бу профилактик ишлар самарадорлигини оширишда муҳим натижа ҳисобланади.
Шунингдек, ходимларнинг ташаббуси билан аниқланган жиноятлар 13 тадан 30 тага, яъни 130,7 фоизга яхшиланди. Бу жиноятларни барвақт аниқлаш ва уларнинг олдини олиш борасидаги ишлар кучайганини кўрсатади.
Ҳурматли туманимиз фуқаролари!
Яна бир муҳим масала — йўл ҳаракати хавфсизлигига ҳам алоҳида тўхталиб ўтиш зарур.
Жорий йилнинг 9 ойи давомида туманимизда жами 15 та йўл-транспорт ҳодисаси қайд этилган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 58,3 фоизга камайган.
Айниқса, сентябрь ойида ўлим билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисалари қайд этилмагани қувонарли ҳолат.
Бироқ, бу натижалар билан чекланиб қолмаслигимиз керак. Йўлларда эҳтиёткорликни янада ошириш, белгиланган тезликка риоя қилиш, транспорт воситасини маст ҳолда бошқармаслик ва пиёдаларга нисбатан эътиборли бўлиш — ҳар биримизнинг вазифамиз.
Шунингдек, бугунги кунда тобора долзарб аҳамият касб этаётган масалалардан бири — кибержиноятчилик ва интернет орқали содир этиладиган фирибгарликларнинг олдини олиш ҳисобланади.
Фуқароларнинг шахсий маълумотлари, банк карталари ва маблағларини турли кибертаҳдидлардан ҳимоя қилиш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ташаббуси билан “APK qo‘riqchi” мобил иловаси ишлаб чиқилган. Мазкур илова Android операцион тизимида ишловчи қурилмаларни зарарли ва шубҳали дастурлардан ҳимоя қилиш, шунингдек, киберфирибгарлик ҳолатларининг олдини олишга хизмат қилади.
“APK qo‘riqchi” иловасининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
Зарарли ва шубҳали файлларни аниқлаш. Илова Telegram, бошқа мессенжерлар ёки турли интернет манбалари орқали юборилган APK-файлларни текшириб, улар таркибида зарарли дастур ёки шубҳали фаолият мавжудлигини аниқлашга ёрдам беради.
Фуқароларнинг молиявий хавфсизлигини таъминлаш. Телефонга яширин тарзда ўрнатилиб, банк иловаларидаги маълумотлар ёки маблағларга ноқонуний киришга уринадиган зарарли ва шпион дастурларни аниқлаш ҳамда уларнинг хавфини камайтиришга хизмат қилади.
Киберфирибгарликларнинг олдини олиш. Номаълум шахслар томонидан юборилган шубҳали дастурларни ўрнатишдан олдин уларни текшириш орқали фуқароларни эҳтимолий хавфлардан огоҳлантиришга кўмаклашади.
Шу ўринда фуқароларда “Ушбу дастурдан қандай фойдаланиш мумкин?” деган савол пайдо бўлиши табиий.
Бунинг учун Android қурилмасидаги Play Market иловасига кириб, қидирув қисмига “APK qo‘riqchi” деб ёзиш ва иловани топиб, қурилмага ўрнатиш лозим. Ўрнатиш жараёни якунлангач, илова ишга туширилади ва унда кўрсатилган йўриқномалар ҳамда саволларга жавоб берилади. Шундан сўнг илова фаоллаштирилиб, қурилмадаги хавфли ва шубҳали APK файлларни аниқлашда фойдаланиш мумкин.
Айниқса, номаълум шахслардан келган APK файлларни шошилиб ўрнатмаслик, уларни аввал текшириш ва шубҳали ҳаволаларга ўтмаслик киберхавфсизликни таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.
Шу боис, барча фуқаролардан ўз мобиль қурилмалари ва шахсий маълумотларини кибертаҳдидлардан ҳимоя қилишга масъулият билан ёндашиш, “APK qo‘riqchi” каби ҳимоя воситаларидан фойдаланиш ҳамда интернетда хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя қилиш сўралади.
Зеро, кибержиноятчиликнинг олдини олишда энг муҳим омил — бу фуқаронинг огоҳлиги ва ҳушёрлигидир.
Ҳурматли юртдошлар!
Тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш фақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ёки масъул ташкилотларнинг вазифаси эмас. Бу — барчамизнинг умумий вазифамиз.
Шунинг учун ҳар бир фуқарони ўз маҳалласидаги тинчлик ва осойишталикка бефарқ бўлмасликка, шубҳали ҳолатларга эътиборли бўлишга, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда фаол иштирок этишга чақирамиз.
Биз биргаликда ҳаракат қилсак, жиноятчиликнинг олдини олиш, маҳаллаларимизда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, энг муҳими, фуқароларимизнинг хавфсизлигини янада мустаҳкамлашга эришамиз.
Эътиборингиз учун раҳмат!
