Яккабоғ тумани прокурори Анвар Қаршиевнинг туман аҳолисига мурожаати
2025-06-05 17:00:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Ассалому алайкум ҳурматли
Яккабоғликлар ва туманимиз меҳмонлари!
Ҳаммамизга маълумки муҳтарам Президентимизнинг жорий йил 3 январь куни “2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги 1-сон қарорлари қабул қилинди.
Мазкур қарор билан маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратишнинг ташкилий-профилактик асосларини замон талабларига мослаштириш, содир этиладиган қонунбузилишларнинг асл омилларини ўз вақтида аниқлаш ва комплекс чора-тадбирлар билан манзилли бартараф этиш орқали жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш тизимининг самарадорлигини янада ошириш долзарб вазифа сифатида белгиланди.
Қарор ижросини таъминлаш мақсадида туман ҳокимлиги, Прокуратура, Ички ишлар бўлими, туман Қўриқлаш бўлими ва бошқа мутасадди ташкилотларнинг қўшма қарори тасдиқланиб, мавжуд 63 та маҳаллаларда ҳавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишга қаратилган манзилли “Йўл харита”лари ишлаб чиқилди ҳамда ижро учун масъуллар белгиланди.
Шу билан бирга, “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойили асосида маҳаллаларда ижтимоий профилактика тадбирлари амалга оширилиши лозим бўлган 4573 нафар шахсларнинг рўйхатлари шакллантирилиб, уларга доир маълумотлар “маҳалла еттилиги”га тақдим этилиши натижасида бугунги кунга қадар 1507 нафар фуқароларнинг муаммолари ўрганилиб ижобий ҳал этилди ва қўшма хулосалар тузилди.
Жамоат жойларида хавфсиз муҳитни яратиш, шахс ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулкига ҳар қандай тажовузларнинг олдини олиш мақсадида замонавий рақамли технологиялар ва техник воситаларни кенг жорий этиш мақсадида маҳаллаларнинг кириш-чиқиш жойлари, кўп қаватли уйлар, савдо марказлари, бозорлар ҳамда мактабларга жами 520 та замонавий турдаги видеокузатув камералари, маҳаллалардаги 57 та кўп қаватли уйларнинг эшикларига замонавий домофон комплекслари, 13 та кўп қаватли уйларнинг кириш йўллари олдига ташвиш тугмалари ўрнатилди, Қуриқлаш хизмати томонидан 423 та хонадонлар, 44 та савдо ва маиший хизмат кўрсатиш объектлари техник қуриқловга олинди.
Қолаверса, тумандаги масъул раҳбарлар ташаббуси билан маҳаллаларда 45 та “намунавий хавфсиз кўча” ва 99 та “намунавий хавфсиз йўлак”ларни ташкил этилиши таъминланди.
Ҳурматли фуқаролар ҳуқуқ тартибот ва бошқа масъул идоралар билан ҳамкорликда эришилган ижобий натижалар билан бир қаторда, айрим турдаги жиноятлар салмоғи ошганлигини кузатишимиз мумкин.
Биргина мисол тариқасида, жорий йилнинг 5 ойи давомида қайд этилган жами 151 та жиноятларнинг 70 таси ёки 46,3 фоизини ахборот технологиялари воситасида яъни содда қилиб айтганда кибермаконда содир этилган жиноятлар ҳиссасига тўғри келишини кўришимиз мумкин.
Ушбу жиноятларнинг содир этилиш сабаб ва омилларини таҳлил қилганимизда фуқароларимиз осон ва мумай даромад орттириш мақсадида интернетдаги моддий ёрдам, онлайн кредит, ютуқли ўйин ғолиби каби алдовлар билан юборилган сохта ҳаволаларга киришлари, телефон қўнғироқлари орқали нотаниш шахсга “СМС кодни” беришлари ёки онлайн дўконлар орқали “сотувчи” ёки “харидор” сифатида фирибгарлар тузоғига тушишлари оқибатида банк пластик карталаридаги пул маблағларини ўзлаштириш ҳолатлари кўплаб учрамоқда.
Ушбу мурожаатим орқали сиз азиз фуқаролардан,
- ижтимоий тармоқлар ҳамда электрон почта манзиллари орқали юборилган шубҳали ҳаволаларга кирмасликни, онлайн дўконлар орқали маҳсулотни қабул қилмасдан ёки кўрсатилмаган хизмат учун олдиндан тўловни амалга оширмасликни ҳамда шахсий маълумотларни бегона шахсларга тақдим этмасликни ва ижтимоий тармоқларга жойлаштирмасликни;
- ўғирлик ва бошқа турдаги жиноятларни олдини олиш, шунингдек, ўз хонадонларингиз ҳамда бошқа мол-мулкларингизни хавфсизлигини таъминлаш мақсадида тумандаги Қўриқлаш бўлимининг техник қўриқлов пултига уланишингизни;
- ҳужжатсиз сақланаётган ов қуролларини ариза орқали туман Ички ишлар бўлимига топширишни ёки қонунийлаштиришни;
- маст ҳолда автотранспорт воситаларини бошқармаслик, бунинг оғир оқибатларини ҳар бир фуқаро англаб етиши ва ён атрофдагиларга ҳам тушунтиришини сўраб қоламан.
Ҳурматли тумандошлар!
Мурожаатим сўнгида сизларни огоҳликка чақирган ҳолда аҳоли хавфсизлигига турли хатарлар бўйича, шунингдек бошқа шахслар томонидан содир этилаётган ҳуқуқбузарликлар ва жиноятлар тўғрисида маълумотлар бўлса 102-қисқа рақами орқали ёки “Ишонч телефон”ларимизга мурожаат қилишингизни сўраймиз.
Албатта хабар берганларнинг шахсига доир маълумотлар сир сақланишига кафолат берамиз.
