“Соғлом оила учун бирлашайлик” мавзуси билан маҳаллаларда энг ками 4 млн. нафар хотин-қизларни спортга жалб этиш ишлари ташкил этилмоқда.
2025-07-10 14:05:00 / Янгиликлар

Олдимизда жуда муҳим вазифалар турибди:
1. Ҳар бир туман ва шаҳарда “Оила ва хотин-қизлар” масканлари фаолияти тўлиқ йўлга қўйилади. Оилалардаги маънавий муҳит соғломлигини таъминлаш билан боғлиқ комплекс хизмат кўрсатилади.
2. Адлия вазирлиги билан ҳамкорликда рақамлаштириш тизимини жорий этиш орқали никоҳга кириш учун ариза берган шахслар, ёлғиз оналик, оталикни белгилаш ҳамда оилавий ажрим ҳолатлари қайд этилган фуқаролар тўғрисида электрон ахборот алмашинуви механизми йўлга қўйилади. Ушбу тизимни амалга ошириш орқали инсон омили таъсири ҳамда қўл меҳнати автоматлаштирилади.
3. “Фаровон оила сари” лойиҳасини амалга ошириш орқали, йил охирига қадар ҳар ойда ҳар бир маҳалладан 4 тадан ибратли оилаларни аниқлаш тизимини жорий этиш ҳисобига ибратли оилалар сафи 227 мингга кенгаяди.
4. “Оқила аёллар” ҳаракати, “Аёл маърифати” каби жамоатчилик тузилмалари фаолиятидан самарали фойдаланиш ва уларнинг таъсирини ошириш чоралари кўрилади.
5. Оила мустаҳкамлигини таъминлашга қаратилган маърифий лойиҳалар амалга оширилади.
6. Оилавий ажрим, оиланинг қонунийлиги, эрта ва яқин қариндошлар никоҳини олдини олишга қаратилган маҳаллаларда “светофор” тизими асосида ҳар бир низоли оила билан аниқ механизмлар асосида ишлаш ва низони бартараф этишга қаратилган тадбирлар, илмий лойиҳалар амалга оширилади.
7. Хотин-қизлар ўртасида “Соғлом оила учун бирлашайлик!” спорт-соғломлаштириш тадбирлари ўтказилади.
8. Нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликда оила ва хотин-қизлар масаласига оид ҳуқуқий саводхонлик дастурлари амалга оширилади.
9. Хотин-қизлар ўртасида миллий қадриятларни мустаҳкамлаш борасидаги таъсирчан чора-тадбирлар, “Нафосат” фестивали ўтказилади, “Оила-Кент”, “Аёл маърифати”, “Жозиба”, “Шарқона” каби медиа-лойиҳалар жорий этилади.
10. Маҳаллалардаги “Саломатлик мактаблари” ишини янги ёндошувлар асосида ташкил этиш орқали хотин-қизларнинг репродуктив саломатлик қоидаларига риоя этиши тарғиб этилади.
11. Оила қадрияти ва аёлларнинг жамиятдаги ўрнини оширишга қаратилган фильмлар яратиш бўйича буюртмалар берилади.
12. Ижтимоий-маънавий муҳитни барқарорлаштириш ва миллий қадриятларни тарғиб этишга қаратилган тадбирлар ўтказилади.
13. Қўмитанинг ижтимоий тармоқларида “Ҳар бир оилада, ҳар бир аёл ёнидамиз” медиасаҳифаси жорий этилиб, аёлларнинг оилавий муаммолари ечимига ёрдам бериш чоралари кўрилади.



