“Оқила аёллар” ҳаракати аъзоларининг МУРОЖААТНОМАСИ
2025-06-15 11:45:00 / Янгиликлар

Янги Ўзбекистоннинг шиддатли ислоҳотлари таг-замирида оилалар мустаҳкамлиги, жамият фаровонлиги деб аталган улуғ ҳикмат мужассам.
Давлатимиз Раҳбари таъкидлаганларидек — “Оила – ҳаётнинг абадийлиги, авлодларнинг давомийлигини таъминлайдиган, муқаддас урф-одатларимизни сақлайдиган, шу билан бирга, келажак насллар қандай инсон бўлиб етишишига бевосита таъсир кўрсатадиган тарбия ўчоғи эканлигини тан олишимиз даркор!”
Тарихдан маълумки, оиланинг муқаддаслиги ва фаровонлигини таъминлашда онанинг оқилалиги, отанинг мардлиги, меҳр-мурувват, садоқат ва вафодорлик биринчи омил сифатида баҳоланади. Бизнинг жамиятимизда оила қадрияти, фарзанд тарбияси, ота-оналик масъулияти, аёлга эҳтиром энг муҳим масаладир!
Нотинч ва талатўп дунё саҳнида глобаллашув жараёнлари оила қадриятларига таҳдид солаётгани, неча мингйиллик қадриятларимизга дарз кетаётганини кўриб, англаб турибмиз.
Оддий инсоний муносабат, меҳр ва эзгулик — умумбашарий анъаналарни асраб-авайлаш сайёрамизда яшаётган етти миллиарддан зиёд кишиларнинг ижтимоий зарурати, умумий истагига айлангани ҳақиқат.
Бизнинг олдимизда ҳам аждодларимиздан мерос қолган маънавий бойликлар, айниқса, оила қадриятларини сақлаш ва ёшлар онгида оилага ҳурмат, уни муқаддас билиш, оила олдидаги масъулият ва мажбурият туйғуларини юксалтириш вазифаси ва бошқа кўплаб ижтимоий муаммолар кўндаланг турибди.
Оилавий ажрим сабаб муросалари келишолмай қолаётган оилаларнинг ҳар бирида биттадан, иккитадан гулдек болажонлар ота ёки она меҳридан бенасиб қолиб, кўнгли яримта ўсаётгани, оилавий ажрим ҳолларида асосан аёллар ва болалар жабр кўраётгани,
- Оилавий ажримларнинг салмоқли қисми учинчи шахс аралашуви, ёшларнинг оила ҳаётига тайёр эмаслиги билан боғлиқ эканлиги, шунингдек, ўзаро низоларда оилавий зўравонлик ҳолатларининг қайд этилаётганлиги;
- Никоҳни қонуний расмийлаштирмаган оилаларда оналар ва фарзандлар манфаатларини ҳимоя қилиш имкониятларининг муайян даражада чегараланганлиги;
- яқин қариндошлар билан қуда-анда бўлиш, қизларни эрта ёшда турмушга узатиш ҳолатлари ва ушбу никоҳлар оқибатида ирсий ва туғма ногирон фарзандлар туғилаётгани;
- қизларимизнинг орзу ва мақсадлари билан ҳисоблашмасдан, эрта ёшда ва ота-онанинг хоҳишига қараб турмушга узатиш, уларни руҳан майиб-мажруҳ қилиб, ҳаётда ўз ўрниларини топишларида катта қийинчиликларни юзага келтираётганлиги;
- баъзи ота-оналаримизнинг фарзандларимизни мустақил фикрловчи, теран билимли, соғлом иродали элу юртга садоқатли бўлиб камол топишларида ота-оналик масъулиятини эсдан чиқариб қўяётганлари;
- Фарзанд – оила қувончи, Ватан ва жамият таянчи. Унинг соғлом ва баркамол, иродали ҳамда Она-Ватанга садоқатли бўлиб улғайишида айрим ота-оналар ўз бурчи ва мажбуриятини унутиб қўяётганлиги;
- айрим қизларимизнинг саробга алданиб, ёлғон тасаввурлар билан бошқа давлатларда яшовчи шахсларга турмушга чиқиб, турли ҳаётий муаммолар гирдобига тушиб қолаётганлиги;
- дунёнинг қайси гўшаларида оналар ва ёш болалар сувга тўймаётган, нонга тўймаётган, ҳаёт учун ўта зарур неъматлар тақчиллиги бўлган ҳозирги пайтда бир кунлик орзу-ҳавас учун ким ўзарга тўй қилаётган, исрофгарчиликдан, уволдан қўрқмаётган, жамиятда ижтимоий табақаланишни юзага келтираётган юртдошларимизни кўриб, барчамиз жиддий хавотирдамиз.
Азизлар!
Шуни ишонч билан айтамизки, оилалар ва маҳаллалар барқарор ижтимоий муҳитига масъул бўлган “Оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш комиссия”ларининг 113 мингдан зиёд аъзолари, 3 700 дан ортиқ отинойилар, 200 мингга яқин "Оқила аёллар" ҳаракати аъзолари, 100 мингдан ортиқ “Кўчабошилар” бугунги кунда Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг маърифий кучига айланган.
Минг афсуски, арзимаган ҳой-ҳаваслар ва баҳоналар ортидан фарзандлари оиласининг бузилиб кетишига, набиралари ота-она меҳридан мосуво бўлишига сабабчи бўлаётган, ким ўзарга тўй қилаётган, вояга етмаган қизларини унаштираётган, қариндоши билан қуда бўлишни истаб фарзандларининг ҳаётини пароканда қилаётган ота-оналар билан иш олиб боришда бу кучлар етарли бўлмаётгани, улар фуқаролик жамиятининг энг мукаммал намунаси бўлган Маҳалла билан ҳисоблашмаслиги ҳам бор гап.
Ҳар бир ўзбекнинг юрагига оғриқ соладиган бу муаммоларни фақат баҳамжиҳатликда, мустаҳкам ҳамкорликда, юқори даражадаги тартиб-интизомда – маърифий йўл билан, жамоатчилик таъсири билан бартараф этиш мумкин.
Бирлашиш, ҳамжиҳатлик, бир-биримизни чин дилдан қўллаб-қувватлашгина жамият тараққиёти илдизига соя солаётган иллатларни йўқотишга йўл очади. Зеро, жамоатчилик таъсири – улкан маърифий тўлқин эканлигини ҳаммамиз яхши биламиз!
Шахсий намуна, метин ирода, ўзгалар дардига дармон бўла олишдек фидойи бўлсаккина юртга содиқ фарзандларни тарбиялаб вояга етказамиз, элга қўшамиз!
Қадрли нуроний отахонлар, донишманд онажонлар, ботир ўғлонларимиз, мунис опа-сингилларимиз, жондан азиз дилбандларимиз!
Биз — 200 мингдан ортиқ «Оқила аёллар» ҳаракати вакиллари сифатида юртимиз оналарининг маърифий сафарбарлик мурожаатини йўллаймиз.
Барча ота-оналар, меҳнат жамоалари вакиллари, маҳаллалар фидойилари — барчамиз бир мақсад, бир ният йўлида бирлашиб, бир тану бир жон бўлиб, баҳамжиҳат ҳаракат қилсак, албатта кўзланган хайрли мақсадларимизга эришамиз.
Боболаримиз айтган “Тарбия нажот, тарбия ҳаёт, тарбия – эртанинг ёрқин акси” — улуғ ҳикмат “Фаровон оила, маърифатли жамият сари” дейилган муқаддас шиоримизга айлансин!
Зеро, оналар-миллатнинг тарбиячилари, оталар — юртнинг таянчидирлар!
Келинг, аввало, фарзандлар таълим-тарбияси ҳаёт-мамот масаласи эканини амалий ҳаракатга айлантирайлик!
Юртимизда ҳеч бир аёл ўз муаммоси билан ёлғиз қолмасин, ҳеч бир аёл ва болалар зўравонлик, тазйиқ жабрдийдасига айланмасин!
Жамиятдаги ижтимоий муаммоларга бефарқ бўлмалик, ёниқ қалб, уйғоқ тафаккур нигоҳи билан қараб, тиш-тирноғимиз билан қарши курашайлик!
Давр-шиддаткор. Жамоатчиликнинг улкан кучини оилалар мустаҳкамлиги, яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳлар, эрта турмуш ҳолатларини бартараф этишга, кўнгилларга яхшилик, эзгулик йўллаш, ўзгаларнинг дардига дармон бўлишга сафарбар қилайлик!
Топганимизни яхшиликларга буюришини, бугундан шукроналик, эртадан ёруғ умидлар кутишдек муаззам орзуларимиз рўёбини фарзандларимиздан қайтишини сўрайлик.
Токи оиласи пароканда бўлган, кўнгли яримта, болалари ногирон инсонлар сафи камайсин, уйларида эзгулик чироқлари ёнсин!
Оиладаги бобо-бувилар, ота-оналар, ўғил-қизлар, барча-барчамиз моддий ресурсларимизни эрта ва яқин қариндошлар никоҳлари оқибатида туғиладиган ногирон болаларнинг дори-дармонига эмас, соғлом авлодлар келажагини таъминлашга, юксак даражада билим олишига сарфланиши зарурлигини чуқур англаб етайлик!
Оилаларни мустаҳкамлаш, шукроналик туйғуларини чуқур сингдириш, келажак авлодимизнинг соғлом, тўлиқ ва тўкис оилаларда улғайишини таъминлаш, миллат генофондининг олтин ҳалқасини кўз қорачиғидек асраш чин фарзандлик бурчимизга, умум-мақсадимизга, умуммиллий ҳаракатга айлансин!
Азиз ва қадрли, қалби ва тафаккури уйғоқ ватандошлар,
Жамиятимиз ҳаётида мавжуд салбий иллатларнинг олдини олишда, бу йўлдаги ташаббусларни қўллаб-қувватлашда сизларнинг фаол иштирокингиз муҳимдир.
