Диққат! Эълон!
2025-05-27 19:30:00 / Янгиликлар

Эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизларни олий таълим муассасаларига қўшимча давлат гранти асосида ўқишга қабул қилиш учун тавсияномалар бериш жараёни бошланмоқда.
Вазирлар Маҳкамасининг «Олий таълим муассасаларига қўшимча давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари доирасида эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизларга танловда иштирок этиш учун тавсиянома бериш ва уларни ўқишга қабул қилишни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» 2020 йил 23 июндаги 402-сон қарорига мувофиқ, жорий йилнинг 30 майдан 8 июнга қадар Оила ва хотин-қизлар қўмитаси томонидан эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизларни олий таълим муассасаларига қўшимча давлат гранти асосида ўқишга қабул қилиш учун бериладиган тавсияномаларга аризалар қабул қилинади.
Тавсиянома олиш учун талабгорлар Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг ахборот тизими (https://tavsiyanoma.ijro.uz ) орқали 30 майдан 8 июнга қадар онлайн ариза қолдиришлари лозим бўлади.
Тавсиянома 6 та мезон асосида берилади:
- кам таъминланган оилалардаги хотин-қизлар. Бунда кам таъминланган оила деганда, оиланинг ҳар бир аъзосига жами даромад аниқланадиган даврда белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 0,527 бараваридан кўп бўлмаган миқдорда тўғри келадиган бир ойлик ўртача жами даромадга эга бўлган оила тушунилади;
- тўлиқсиз оилада тарбияланаётган, яъни отаси ёки онаси ёхуд уларнинг иккаласи ҳам вафот этган ижтимоий ҳимояга муҳтож қизлар;
- турмуш ўртоғи вафот этган, вояга етмаган фарзандини ёлғиз тарбиялаётган ижтимоий ҳимояга муҳтож аёллар;
- ногиронлиги бўлган фарзанди бор эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизлар;
- икки ва ундан ортиқ фарзандларини тарбиялаётган, бошқа қариндошларидан алоҳида (ижарада) яшаётган ижтимоий ҳимояга муҳтож ёлғиз аёлларнинг қиз фарзандлари;
- ота-оналаридан бири ёки ҳар иккиси ҳам биринчи ёки иккинчи гуруҳ ногирони бўлган эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизлар.
Тавсиянома ажратилган қўшимча тўрт фоизли давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари доирасида эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизларнинг абитуриент сифатида рўйхатдан ўтишида танлаган биринчи таълим йўналиши бўйича танловда иштирок этиш ҳуқуқини беради, иккинчи ва ундан кейинги олий таълим олиш учун танловда иштирок этишга нисбатан татбиқ этилмайди.
Кириш имтиҳонларида тўплаш мумкин бўлган энг юқори баллнинг 30 фоизидан кам бўлмаган балл тўплаган тавсиянома эгалари баллар кетма-кетлигига қатъий риоя этилган ҳолда, қўшимча тўрт фоизли давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари доирасида талабаликка тавсия этилади.
Эслатиб ўтамиз – ушбу тавсиянома эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизларга бир йил муддатга берилади.
Олий маълумот олиш истагида бўлган хотин- қизларни Оила ва хотин-қизлар қўмитаси орқали бериладиган имкониятдан фойдаланиб қолишга чақирамиз!
