5 йил иш стажига эга хотин-қизларга тавсиянома қачон берилади?
2025-04-23 15:25:00 / Янгиликлар
Қонунчиликка кўра, мутахассислиги бўйича камида 5 йил меҳнат стажи мавжуд, бироқ олий маълумотга эга бўлмаган хотин-қизлар давлат ОТМга алоҳида қабул параметрлари (жами 500 та квота) доирасида тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилинади.

Бунда ўқишга қабул қилиш Оила ва хотин-қизлар қўмитаси тавсияномаси асосида амалга оширилади.
Тавсиянома олиш учун талабгор қуйидаги мезонларнинг барчасига мувофиқ келиши керак:
- ўрта махсус ёки профессионал таълим бўйича мутахассисликка эга бўлиши;
- тавсиянома олгунга қадар олий таълим олмаганлиги ёки олмаётганлиги;
- ўрта махсус ёки профессионал таълим мутахассислиги бўйича 5 йиллик меҳнат стажига эга бўлиши.
Тавсиянома берилган кундан бошлаб 3 йил давомида фақат бир марта ОТМга қабул қилиниши учун амал қилади. Эслатиб ўтамиз: 2022-йилда берилган тавсияномалар муддати тугади.
- Тавсиянома олиш учун талабгор эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизлар доимий яшаш ёки вақтинча турган жойи бўйича яшаш жойидаги туман (шаҳар) оила ва хотин-қизлар бўлимларига 1 июнгача электрон шаклда мурожаат қилади.
Бунда стаж бўйича мй.меҳнат.уз ЙММТ да ҳамда ўрта махсус дипломини Диплом.ЭДО.уз сайти орқали текширтириб олиши керак.
Ариза ва ҳужжатлар 7 июнгача кўриб чиқилади ва ишчи гуруҳ хулосаси 10 июнгача Қўмитага тақдим қилинади.
- Ҳужжатлар Қўмита томонидан 14 июнгача кўриб чиқилиб, тавсиянома бериш ёки уни рад этиш тўғрисида буйруқ чиқарилади.
- Ишчи гуруҳ ҳар йили 15 июнгача тавсиянома талабгорларга етказилишини таъминлайди.
- Тавсияномага эга хотин-қизлар учун танловлар умумий тартибда давлат ОТМнинг бакалавриатига ўқишга қабул қилиш бўйича кириш имтиҳонлари (тест синови, касбий (ижодий) имтиҳон) доирасида ўтказилади.
- Кириш имтиҳонлари якунига кўра талабаликка тавсия этилмаган, бироқ тўплаш мумкин бўлган энг юқори баллнинг 30 фоизидан кам бўлмаган баллни тўплаган хотин-қизлар баллар кетма-кетлигида тўлов-контракт асосида ўқишга тавсия этилади.
