Бош вазир ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова Избоскан туманида бўлиб, 7-умумий ўрта таълим мактабининг 11 синф ўқувчилари ҳамда уларнинг оналари билан учрашди.
2025-04-17 14:45:00 / Янгиликлар

“Битта қизни ўқитсак, бутун оилага таълим берган бўламиз. Агар оила билимли, маърифатли бўлса, жамиятнинг онги, маданий даражаси ҳам юксалади”.
Шавкат Мирзиёев
Қўмита томонидан эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизларга олий таълим муассасаларида грант асосида таҳсил олишларига, олий маълумотга эга бўлмаган 5 йиллик меҳнат стажига эга хотин-қизларга давлат ОТМларига киришларига ҳамда 7 йил муддатга фоизсиз таълим кредитларини ажратишга тавсиялар берилаётгани; магистратура ва докторантурага ҳар йили мақсадли квоталар ажратилаётгани ҳақидаги маълумотлар оналарда қизиқиш уйғотди.
Бевосита оналарга мурожаат қилиниб, эрта турмуш оқибатида ёш оилаларда келиб чиқаётган муаммоли вазиятлар муҳокама қилинди. Эрта турмушнинг салбий оқибатларини чуқур англаш, қизларни олий таълим олишига ёки муайян касб-ҳунар эгаллашига ёрдам бериш, йўналтириш, оналарнинг масъулияти эканлиги, қиз бола ўқиса, муайян касб-ҳунар эгаси бўлса, оиласи учун, у тарбиялайдиган фарзандлар келажаги учун, жамият учун жуда катта фойда бўлиши қайта-қайта таъкидланди.
Учрашувда туманда ушбу йўналишда амалга оширилаётган ишлар, битирувчилар учун умумтаълим мактабларида қўшимча курслар очилиб, уларни ОТМга кириши учун салоҳиятли ўқитувчилар бириктирилиб, барча имконият сафарбар этилаётгани таъкидланди.
Учрашув сўнггида вилоят ва туман Оила ва хотин-қизлар бўлинмалари, таълим муассасалари масъулларига тегишли топшириқ ва тавсиялар берилди.




