“Қишлоқ аёлларининг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.
2025-04-10 16:45:00 / Янгиликлар

Конференцияни Бош вазир ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова кириш сўзи билан очиб, мамлакатимизда оилалар фаровонлигини юксалтириш, хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик ташаббусларини рағбатлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижаларига батафсил тўхталди.
Жаҳон банки гуруҳининг операциялар бўйича бошқарувчи директори Анна Бьерде ўз маърузасида Япония ва Жаҳон банки кўмагида амалга оширилган қишлоқ аёлларининг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш бўйича лойиҳа доирасида эришилган натижаларга тўхталди.
Лойиҳа 2021 йилда Япония ҳукумати ва Жаҳон банки кўмагида ишга туширилган. Хусусан, Япония ижтимоий тараққиёт жамғармаси лойиҳани амалга ошириш учун 2,7 миллион АҚШ долларидан ортиқ грант маблағларини ажратган.
Ажратилган маблағлар ёрдамида Оила ва хотин-қизлар қўмитаси Фарғона ва Жиззах вилоятларининг 56 та қишлоғида аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш ва уларнинг иқтисодий фаоллигини оширишга қаратилган қатор чора-тадбирларни амалга оширди.
Лойиҳанинг мақсадли аудиторияси кам таъминланган оилалардан бўлган аёллар, фарзандларини ёлғиз тарбиялаётган, ногиронлиги бўлган аёллар, шунингдек, ногиронлиги бўлган болаларнинг оналаридан ташкил топган. Лойиҳа доирасида 1000 нафардан зиёд хотин-қизлар тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш бўйича тренингларда қатнашди. Улар 160 кичик гуруҳларга бирлашган ҳолда (миллий валютада ўртача 6000 дан 12000 АҚШ долларгача) грант маблағлари ҳамда бизнесни бошлаш ва ривожлантириш бўйича зарур кўникмалар олдилар.
Лойиҳа кўмагидаги тадбиркорлик фаолиятлари тикувчилик, асаларичилик, чорвачилик ва паррандачилик, нон маҳсулотлари, шакар, совун, пайпоқ, қадоқланган ичимлик сувини ишлаб чиқариш ҳамда умумий овқатланиш хизматларини кўрсатиш, мактабгача таълим муассасаларини ташкил қилиш каби йўналишларни қамраб олади.
Жаҳон банки мутахассислари хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш ва ўзаро ёрдам гуруҳларини ташкил этиш борасидаги халқаро тажриба билан таништирдилар.
Шунингдек, мазкур лойиҳа туфайли ўз ишини бошлаган аёллар эришган муваффақиятлари билан ўртоқлашишди. Улар томонидан жорий этилган тадбиркорлик фаолияти қишлоқ жойларда янги иш ўринларини яратиш, маҳаллий аҳоли учун зарур товар ва хизматларни тақдим этиш, шунингдек, оилаларнинг иқтисодий фаровонлигини яхшилашга хизмат қилаётгани алоҳида таъкидланди.
Тадбир давомида иштирокчилар Ўзбекистонда хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантиришга қаратилган давлат сиёсатининг истиқболдаги чора-тадбирлари юзасидан фикр алмашдилар. Жумладан, муайян тадбиркорлик йўналишларини бошлаш учун кредит ресурсларига ҳамда зарур билим ва кўникмаларга эга бўлиш имкониятларини кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Конференцияда Олий Мажлис Сенати аъзолари, турли вазирлик ва идораларнинг раҳбар ва масъул ходимлари, ўнлаб аёл тадбиркорлар, фуқаролик жамияти ташкилотлари ҳамда ишбилармонлик уюшмалари вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Оила ва хотин-қизлар қўмитаси Ахборот хизмати









