Қариндошлар никоҳи: гўдаклар ноласига қандай чидаб яшайсиз?
2024-07-06 13:40:00 / Янгиликлар

Тиббиёт мутлақо қарши Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, ҳар йили қариндошлар ўртасидаги никоҳдан юзлаб ногирон болалар дунёга келмоқда. Уларни даволаниши учун давлат ғазнасидан миллиардлаб пул сарфланади. Мутахассисларнинг таъкидлашича, бир-бирига бегона бўлган эр-хотиннинг туғилажак боласига қараганда қариндошлар ўртасида туғиладиган гўдакда ирсий касаллик хавфи 3-4 баравар кўплиги ва турли нуқсонлар кузатилади. Хасталиклар боланинг ёшлигида билинмай, вақт ўтиши билан юзага чиқиши ҳам мумкин. Таҳлиллар натижасига эътибор берсак, туғма нуқсон ва ирсий касалликлар билан туғилган болаларнинг 9,7 фоизини яқин қариндошлар никоҳидан дунёга келган чақалоқлар ташкил этади. Бу кўрсаткич Сурхондарё вилоятида 31,6 фоизни, Қашқадарё вилоятида 26,0 фоизни, Сирдарё вилоятида 13,0 фоизни, Андижон вилоятида 12,0 фоизни, Самарқанд вилоятида 10,3 фоизни, Бухоро вилоятида 10,1 фоизни ташкил қилади.
Хорижий тажрибани ўрганиш муҳим Қариндошлар ўртасидаги никоҳни айрим хорижий давлатлар қонун билан мутлақо чегаралаб қўйган. Хусусан, Жанубий Кореянинг Фуқаролик кодексига биноан қариндошлар ўртасида никоҳ тузишни тақиқловчи моддалари келтирилган. Томонлар никоҳ тузиш учун Корея Адлия вазирлигига қарашли ҳудудий маълумотларни қайд қилиш офиси (County Recorder’s office)га мурожаат қилишади. Ушбу давлат органи томонларнинг аризасини ўрганиб чиқиб, қонунда белгиланган чекловлар, яъни қариндошлик ҳолатлари аниқланмаса, никоҳ тузишга рухсат беради. Шунингдек, АҚШнинг айрим насл-насаб шажараси бўйича тўғри туташган қариндошлар, туғишган ва ўгай ака-укалар билан опа-сингиллар ўртасидаги никоҳлар тақиқланган. Швейцария, Буюк Британия, Озарбайжон каби давлатларда ҳам расман қариндошлар ўртасидаги никоҳларга рухсат йўқ.
Нима қилиш керак? Қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг салбий оқибати, фақатгина ногирон фарзанднинг туғилиши эмас, унинг ортида бутун бир жамиятнинг азият чекиши билан боғлиқ ҳолатлар мавжуд.
Оилавий ажралишларнинг ортиши, онанинг бир умр ногирон фарзандига боғланиб қолиши, руҳий жароҳатлар, жамиятга давлатга нисбатан норозилик кайфиятининг шаклланиши кабилар занжир мисол бир-бирига боғланиб бораверади. Афсуски, мол-мулкимга бегона эгалик қилмасин, қариндошлик ришталари мустаҳакам бўлсин, деган мақсадда тузилаётган никоҳлар, аксинча акс-садо бермоқда. Ота-оналар ўз фарзандларини, айниқса қизларини бахтсиз қилиб қўйишмоқда. “Тақдири шу экан-да, пешонасига ёзилгани-да” деб ўз-ўзини овутиши мумкин. Аммо шу кечмишга ўзлари сабабчи бўлиб қолаётганини англаётганлар кам. Бу бўйича олиб борилаётган тарғиботлар афсуски, ҳеч қандай самара бермаяпти. Аксинча, ногирон гўдаклар туғилиши кўрсаткичи ортмоқда. Бунинг олдини олиш учун қонун билан чеклов қўйилсагина қандайдир натижага эришиш мумкин, холос.
Туғма нуқсон ва ирсий касалликлар билан туғилган болаларнинг 9,7 фоизини яқин қариндошлар никоҳидан дунёга келган.
Нилуфар ЮНУСОВА, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси мутахассиси.
