Чорвачилик соҳасига Хитой технологияси жорий этилади
2026-05-20 09:50:00 / Янгиликлар

Чорва молларининг генетик салоҳиятини ошириш мақсадида сунъий уруғлантириш, эмбрион трансплантацияси ва генетик ресурслар алмашинуви бўйича Хитой билан кенг кўламли ҳамкорлик йўлга қўйилади. Шунингдек, Хитойдан Ўзбекистонга импорт қилинадиган наслли қорамоллар сони оширилади.
Бу ҳақда Хитойда бўлиб ўтаётган йигирма олтинчи халқаро чорвачилик кўргазмасида маълум қилинди.
Кўргазма доирасидаги келишувларга кўра, озуқа-ем маҳсулотлари ва озуқа қўшимчаларини ишлаб чиқариш, шунингдек ветеринария дори воситалари, вакциналар ва биопрепаратларни ишлаб чиқариш ва синовдан ўтказиш бўйича қўшма корхоналар ҳамда лабораториялар ташкил этилади.
Мамлакатимизнинг табиий-иқлим шароити, жумладан чўл ва қурғоқчил ҳудудларга мос бўлган юқори ҳосилдор ва кам сув талаб этадиган озуқа ўсимликларини етиштириш бўйича илмий-амалий ҳамкорлик йўлга қўйилади.
Ветеринария тизими ходимлари ҳамда чорвачилик соҳаси мутахассислари Хитойнинг илғор чорва фермалари, илмий-тадқиқот муассасалари ва қайта ишлаш корхоналарида малака оширади.
Чорва молларини озиқлантириш ва соғлиғини рақамли мониторинг қилиш бўйича илғор технологияларни жорий этиш, шунингдек биотехнология ва ветеринария назорати соҳаларида тажриба алмашиш тизими ишлаб чиқилади.
Шунингдек, ҳамкорликда сут ва гўштни қайта ишлаш корхоналари ташкил этилади.



