Амалиётда ветеринария дори воситалари ва уларни ишлатиш тартиби хусусида кўпчиликда турли савол ва муаммолар юзага келади. Қўмита бўлим бошлиғи Сабитджан Тўляганов ҳамюртларимиздан келган ана шундай саволларга жавоб ва тушунтиришлар берди.
2025-12-17 14:30:00 / Янгиликлар

— Ветеренария амалиётида ҳайвонларни даволашда қўлланиладиган дори воситаларини тайинлаш ёки бериш тартиби қандай?
— “Ветеринария тўғрисида” ги қонун ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 10 апрелдаги 148-сонли қарорининг 2-иловаси билан тасдиқланган “Маҳаллий ва импорт қилинадиган ветеринария дори воситалари ҳамда озуқабоп қўшимчалар рўйхатдан ўтказилганлиги ҳақидаги гувоҳномани бериш тўғрисида” ги низомга мувофиқ ветеринария дори воситалари ва озуқабоп қўшимчаларни ишлаб чиқариш, реализация қилиш, улардан фойдаланиш ҳамда уларни Ўзбекистон республикасига олиб кириш фақат давлат ветеринария хизмати томонидан давлат рўйхатидан ўтказилганидан кейин амалга оширилиши белгиланган.
Юқорида келтирилган низомга мувофиқ ветеринария дори воситалари ва озуқабоп қўшимчалар давлат рўйхатидан ўтказилиб, дори воситалари реестрига киритилади.
Давлат рўйхатига олинган ветеринария дори воситалари ва озуқабоп қўшимчаларнинг электрон реестри билан https://nefrit.vetgov.uz/reestr хаволаси орқали танишиш имконияти мавжуд.
— Ветаптекалар фаолияти лицензияланадими? Уларнинг батафсил рўйхати билан қаерда танишиш мумкин?
— Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги 80-сонли қарори билан тадиқланган “Махсус электрон тизим орқали айрим фаолият турларини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги ягона низом” га мувофиқ ветеринария дори воситалари ва озуқабоп қўшимчаларнинг реализация қилиш тегишли лицензия асосида амалга оширилади.
Лицензиялар реестри “Лицензия” АТ да электрон шаклда фаолиятнинг ҳар бир лицензияланадиган тури бўйича алоҳида юритилади ва ундаги маълумот барча учун очиқ ҳисобланади.
Ветеринария фаолияти учун тегишли лицензияга эга ташкилотлар тўғрисидаги маълумотлар билан https://license.gov.uz/registry ҳаволаси орқали танишиш имконияти мавжуд.
Давлат рўйхатига олинган ветеринария дори воситалари ва озуқабоп қўшимчалари юзасидан Ветеринария дори воситалари ва маҳсулотларни синовдан ўтказиш давлат илмий назорат марказининг +998 77 420-61-96 тел рақамлари орқали маълумот олиш мумкин.
Ветеринария дори воситалари ва озуқабоп қўшимчаларнинг реализация фаолиятини лицензиялаш юзасидан Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитасининг +998 71 202 12 00 (ички 330, 244) телефон рақамлари орқали маълумот олиш мумкин.
Шунингдек, зарур ҳолларда ҳайвонларни даволаш-профилактика мақсадларида рецепт ёзиш худудий ветеринария мутахасислари томонидан амалга оширилади.
