Низомий номидаги Ўзбекистон миллий педагогика университети ташкил этилади
2025-04-29 09:50:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Педагог кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди. Унга кўра:
➖ Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети негизида Низомий номидаги Ўзбекистон миллий педагогика университети ташкил этилади;
➖ Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг педагогик таълимни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари - Низомий номидаги Ўзбекистон миллий педагогика университети ректори лавозими жорий этилади;
👉 2025-2026-ўқув йилидан бошлаб босқичма-босқич:
➖ Университетнинг бошқарув тизими Янги Ўзбекистон университети тажрибаси асосида тубдан такомиллаштирилади;
➖Университетнинг мавжуд 14 та факултети мақбуллаштирилиб, юридик шахс бўлмаган 6 та педагогика олий мактаби ташкил этилади;
➖ Университетнинг бакалавриат таълим йўналишларига биринчи курсдан халқаро таълим дастурлари босқичма-босқич жорий этилади;
➖ хорижий мутахассисларни жалб қилган ҳолда Университет ва педагогика олий таълим ташкилотларининг халқаро таълим дастурлари жорий этилган таълим йўналишларида дарс бериш учун профессор-ўқитувчиларни танлаб олиш тизими жорий этилади;
👉 2025-2026-ўқув йилидан бошлаб:
➖ педагог кадрларни тайёрлаш фақат кундузги ва кечки таълим шакли бўйича ташкил этилиб, сиртқи таълим шаклига қабул амалга оширилмайди;
➖ олий педагогик таълим йўналишида нодавлат таълим хизматларини кўрсатиш соҳасидаги фаолиятни лицензиялаш Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги хулосаси асосида амалга оширилади;
👉 2026-2027-ўқув йилидан бошлаб:
➖ педагогика олий таълим ташкилотларида Университетга равишда бошқарув тизими такомиллаштирилади ва халқаро таълим дастурлари босқичма-босқич жорий этиб борилади;
➖ Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан давлат ва нодавлат олий таълим ташкилотларида педагог кадрлар тайёрлаш сифатини таҳлил қилиш мақсадида талабаларнинг билимларини ташқи диагностика қилиш тизими жорий этилади;
➖ алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларга таълим-тарбия бериш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида “Госпитал педагогика” магистратура мутахассислиги бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилади.
