Жойларда мактабгача таълимга қамров бўйича олиб борилаётган ишлар таҳлил этилди
2025-02-12 18:00:00 / Янгиликлар

Бугун Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова бошчилигида мактабгача таълим сифати ва самарадорлигини янада ошириш, Давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги Фармонида келтирилган соҳага доир вазифалар ижросига бағишланган “Вазир соати” бўлиб ўтди.
Видеоконференция шаклида ташкил этилган тадбирда вазир ўринбосарлари, вазирлик масъуллари, ҳудудий бошқармалар, тизим ташкилотлари, Педагогик маҳорат марказлари раҳбарлари, “Директорлар кенгаши” аъзолари иштирок этди.
Вазир Ҳилола Умарова кун тартибидаги масалаларга атрофлича тўхталиб ўтар экан, болаларни мактабгача таълимга қамров ишлари барча ҳудудларда ҳам бирдек олиб борилмаётгани, мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланилмаётганлигини таъкидлаб ўтди.
Бу борада Сирдарё вилоятида ўтказилган ўрганиш натижалари йиғилишда атрофлича таҳлил этилди. Хусусан, ҳудуддаги мактабгача таълим ташкилотларида кадрлар салоҳиятини ошириш, педагоглар малакасини бойитиш, қамров даражасини кўпайтириш бўйича қилиниши лозим бўлган ишлар қайд этиб ўтилди.
Ушбу жиҳатларни инобатга олган ҳолда, масъулларга мактабгача таълимда хусусий сектор улушини кенгайтириш, мактабгача таълим ташкилотларида ўтказилаётган машғулотларда “Илк қадам” дастури доирасида тайёрланган электрон контентлардан кенг фойдаланиш бўйича зарур топшириқлар берилди.
Шунингдек, мактабгача таълим ташкилотлари фаолият самарадорлигини ошириш, болаларни боғчага қабул қилишдаги шаффофликни таъминлашда “Болалар боғчаси” ахборот тизимининг ўрни ва аҳамияти ҳақида алоҳида сўз юритилди.
Йиғилишда жорий йил ўтказилиши режалаштирилаётган PISA 2025 тадқиқотига техник тайёргарлик ишлари ҳам атрофлича муҳокама қилинди.
Айтилганидек, тадқиқотда қатнашиш учун халқаро ташкилотлар томонидан тасодифийлик тамойили асосида юртимиздаги 233 та мактаб танлаб олинган ҳамда улардаги 9 050 нафар ўқувчи тадқиқотларда иштирок этиши кутилмоқда.
Шу муносабат билан белгиланган мактабларда олиб борилаётган техник тайёргарлик ишлари бўйича масъулларнинг ахборотлари тингланди.
Мактабларни тадқиқот жараёнларида камида 300 Мбит/с интернет билан таъминлаш, PISA 2025 тадқиқоти фан йўналишлари бўйича педагоглар учун тренинглар ҳамда ўқувчилар ўртасида интеллектуал ўйинларни тизимли ташкил этиш бўйича мутасаддиларга керакли кўрсатмалар берилди.
Йиғилишда Давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги Фармонида келтирилган соҳага доир вазифалар ижроси бўйича ҳам фикрлар билдириб ўтилди.
Жумладан, жорий йилда мактабгача таълимга қамров даражасини 78 фоизга, жумладан 6 ёшли болаларни мактабга тайёрлов тизимига қамров даражасини 98 фоизга етказиш, бунда таълим сифатига алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди.
Шунингдек, янги баҳолаш тизими жорий қилинган мактаблар сонини 3 000 тага етказиш, ушбу мактабларга ихтисослаштирилган мактабларни бириктирган ҳолда педагоглар учун семинар-тренинглар ташкил этиш бўйича вазифалар белгилаб олинди.
Масъулларга ҳар бир белгиланган топшириққа жиддий ёндашиш, уларни амалиётга жорий этиш бўйича муҳим кўрсатмалар берилди.
Тадбир сўнггида вазирлик масъуллари ва ҳудудий бошқарма бошлиқларининг кун тартибидаги мавзуларга оид ҳисоботлари тингланди.
