Эркинжон Турдимов: Олий таълимда асосий мезон — сифатли билим, пухта эгалланган касб ва ёшларнинг келажаги
2026-10-13 14:50:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари – таълим ва илм-фан вазири Эркинжон Турдимов олий таълим йўналишига масъул раҳбарларнинг тизимдаги мавжуд ҳолат, амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда истиқболдаги устувор вазифалар юзасидан тайёрлаган тақдимотлари билан танишди.
Тақдимот давомида олий таълим муассасаларида таълим сифатини ошириш, ўқув дастурларини меҳнат бозори талабларига мослаштириш, илм-фан ва ишлаб чиқариш ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, талабалар учун муносиб шароитлар яратиш, уларнинг чуқур билим олиши, хорижий тилларни ўрганиши, танлаган касбини пухта эгаллаши, назарий билимларини амалиётда қўллай олиши ҳамда ўқишни тамомлагач, ўз мутахассислиги бўйича иш топишига кўмаклашиш каби муҳим йўналишлар муҳокама қилинди.
Олий таълим муассасаларининг илмий салоҳиятини ошириш, профессор-ўқитувчилар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, илмий тадқиқотлар натижаларини амалиётга татбиқ этиш ҳамда халқаро ҳамкорликни кенгайтириш масалалари ҳам эътибор марказида бўлди.
Асосий мақсад — олий таълимни шунчаки диплом берадиган тизим эмас, балки ёшларни мустақил фикрлайдиган, чуқур билимга ва пухта касбий тайёргарликка эга, ўз соҳасининг етук мутахассиси этиб тарбиялайдиган муҳитга айлантириш.
Тақдимотлар давомида мавжуд муаммоларни чуқур таҳлил қилиш, уларнинг ечими бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқиш ҳамда белгиланган вазифаларни амалий натижалар билан боғлаш зарурлигига алоҳида урғу берилди.
