Халқаро ва минтақавий фан олимпиадалари ғолибларини тақдирлаш маросими
2025-12-15 12:00:00 / Янгиликлар
2025 йил 15 декабрь куни Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан
2024-2025-ўқув йили давомида халқаро ва минтақавий фан олимпиадаларида ғолибликни қўлга киритган ўқувчилар ва уларнинг устозларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Унда Мактабгача ва мактаб таълими вазири Эъзоза Каримова, олимпиада ғолиблари, ота-оналар, педагоглар, давлат ташкилотлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Қайд этилганидек, 2025 йилда юртимиз ўқувчилари 29 та халқаро олимпиадада муносиб иштирок этиб, жами 210 та медаль (40 та олтин, 78 та кумуш, 92 та бронза)ни қўлга киритди.
Маълумот учун: халқаро фан олимпиадаларида 2019 йилда — 30 та, 2020 йилда — 25 та, 2021 йилда — 45 та, 2022 йилда — 41 та, 2023 йилда — 96 та, 2024 йилда — 128 та медаль қўлга киритилган.
Жорий йилда юртимиз ўқувчилари томонидан фан олимпиадалари тарихида янги натижа қайд этилди: Бирлашган Араб амирликларида бўлган халқаро кимё олимпиадасида —
2 та олтин, Боливияда бўлган халқаро информатика олимпиадасида — илк кумуш билан тақдирланди.
Шунингдек, юртимиз ўқувчи қизлари илк марта Европа қизлар математика олимпиадаларида қатнашди ҳамда 3 та (1 та кумуш, 2 та бронза) медални қўлга киритди.
Ўзбекистонлик ўқувчилар жорий йилда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган
Ал-Хоразмий номидаги Халқаро математика ва информатика олимпиадасида 50 та
(7 та олтин, 13 та кумуш, 30 та бронза), Абу Райҳон Беруний номидаги халқаро кимё олимпиадасида 19 та медаль (6 та олтин, 8 та кумуш, 5 та бронза) билан якка пешқадам сифатида тан олинди.
Жорий йилда юртимиз ўқувчилари энг нуфузли халқаро олимпиадаларда 13 та медаль (2 та олтин, 7 та кумуш ва 4 та бронза), хусусан:
— Бирлашган Араб амирликларида 96 давлат иштирокида ўтказилган Халқаро кимё олимпиадасида — 2 та олтин, 2 та кумуш;
— Австралияда 105 давлат иштирокида ўтказилган Халқаро математика олимпиадасида — 4 та кумуш, 1 та бронза;
— Боливияда 90 дан ортиқ давлат иштирокида ўтказилган Халқаро информатика олимпиадасида — 1 та кумуш, 1 та бронза;
— Париж шаҳрида 96 та давлат иштирокида ўтказилган Халқаро Физика олимпиадасида — 2 та бронза;
Халқаро олимпиадаларда 13 та медаль (8 та кумуш, 3 та бронза), хусусан:
— Иорданияда 62 та давлат иштирокида ўтказилган Халқаро инглиз тили олимпиадасида — 7 та кумуш (5 та кубок);
— Таиландда 50 та давлат иштирокида ўтказилган Халқаро география олимпиадасида — 2 та бронза;
— Боку шаҳрида 42 та давлат иштирокида ўтказилган Халқаро иқтисод олимпиадасида — 1 та кумуш, 1 та бронза, шунингдек, 14 та минтақавий олимпиадада умумий ҳисобда 138 та (27 та олтин, 41 та кумуш, 70 та бронза) медални қўлга киритди.
Тақдирлаш маросимида энг нуфузли халқаро олимпиадалардаги медаллар учун:
— олтин медаль соҳибига — 1 млрд. 30 млн. сўм, ўқитувчисига — 185,4 млн. сўм;
— кумуш медаль соҳибига — 618 млн. сўм, ўқитувчисига — 103 млн. сўм;
— бронза медаль соҳибига — 412 млн. сўм, ўқитувчисига — 61,8 млн. сўм
халқаро олимпиадалардаги медаллар учун:
— олтин медаль соҳибига — 61,8 млн. сўм, ўқитувчисига — 20,6 млн. сўм;
— кумуш медаль соҳибига — 41,2 млн. сўм, ўқитувчисига — 14,42 млн. сўм;
— бронза медаль соҳибига — 20,6 млн. сўм, ўқитувчисига — 12,36 млн. сўм.
минтақавий халқаро олимпиадалардаги медаллар учун:
- олтин медаль соҳибига — 4,944 млн. сўм, ўқитувчисига — 20,6 млн. сўм;
— кумуш медаль соҳибига — 3,296 млн. сўм, ўқитувчисига — 14,42 млн. сўм;
— бронза медаль соҳибига — 2,472 млн. сўм, ўқитувчисига — 12,36 млн. сўм берилди.
Бундан ташқари, ўқувчини олимпиадаларга тайёрлаган ўқитувчининг малака тоифаси бир поғона кўтарилади, минтақавий халқаро олимпиада ғолиблари ҳамда асосий олимпиаданинг республика босқичи ғолиблари кейинчалик таълим муассасаларида ўқитувчи бўлиб ғолиб бўлган фанидан дарс берган тақдирда, лавозим маошига 100 фоиз ҳар ойлик устама олади.
Маълумот учун: жорий йилда халқаро фан олимпидалари ғолиблари, уларнинг устозларини тақдирлаш учун давлат буджетидан жами 12 млрд 424 млн сўмга яқин маблағ ажратилган (2019 йилги 780 млн сўмдан қарийб 17,5 баробарга кўп).
