ХОДИМ ОГОҲЛАНТИРИШ МУДДАТИНИ ҚИСҚАРТИРИШГА РОЗИ БЎЛСА, ҚОЛГАН ТАЛАБЛАР БАЖАРИЛИШИ ШАРТ ЭМАСМИ?
2025-05-16 17:05:00 / Янгиликлар
ХОДИМ ОГОҲЛАНТИРИШ МУДДАТИНИ ҚИСҚАРТИРИШГА РОЗИ БЎЛСА, ҚОЛГАН ТАЛАБЛАР БАЖАРИЛИШИ ШАРТ ЭМАСМИ?
Ходим аттестация синовидан ўта олмаган ва ўз лавозимига нолойиқ деб топилган. Иш берувчи у билан меҳнат шартномасини бекор қилиш мақсадида, МК 165-моддасига асосан 2 ҳафталик огоҳлантириш хати берди. Орадан 2 кун ўтиб, ходим ариза ёзиб, огоҳлантириш муддатини пуллик компенсацияга ўзгартиришни сўради. Натижада ходим билан тузилган меҳнат шартномаси огоҳлантириш муддати қисқартирилган ҳолда, МК 161-моддаси иккинчи қисми 3-банди билан бекор қилинди.
Кейинроқ ходим билдики, унга ҳеч қандай бўш иш ўрни таклиф қилинмасдан меҳнат шартномаси бекор қилиб юборилган. Ваҳоланки, МК 144-моддаси тўртинчи қисмига асосан ходим малакасига кўра лавозимига нолойиқ деб топилса, иш берувчи унга бир мунча кам малака талаб этиладиган бўш иш таклиф этиши керак.
Ходим судга ишга тиклаш бўйича даҳво киритганда, айни шу масала суд муҳокамаси марказида бўлди.
Иш берувчи вакиллари ходимнинг ўзи ариза ёзиб, огоҳлантириш муддати ўрнига пуллик компенсация тўлашни сўраганлиги ва шунга кўра меҳнат шартномаси муддатидан олдин бекор қилинганлиги, шу сабабли ходимга бошқа иш таклиф қилинмаганлигини билдирди. Ташкилот юристи бундай ҳолларда иш берувчи ходимга бошқа иш таклиф қилишга мажбур эмаслигини тушунтирди.
Лекин суд якунда ходимни ўз ишига тиклаш ҳақида ҳал қилув қарори чиқарди.
Суд ўз қарорига шундай тушунтириш берди: "Меҳнат кодексининг 144-моддаси меҳнат шартномасини алоҳида асосларга кўра бекор қилишдан олдин бошқа иш таклиф қилишга оид қоидаларни ўз ичига олади. Бу моддада меҳнат шартномаси МК 161-моддаси иккинчи қисми 3-бандига асосан бекор қилинганда иш таклиф қилиш мажбурияти иш берувчи зиммасида эканлиги кўрсатилган. Иш берувчи томони меҳнат шартномасини айнан иш берувчи ташаббусига кўра ва МК 161-моддаси иккинчи қисми 3-бандига асосан бекор қилган. Шу сабабли ҳар қандай ҳолатда ҳам ходимга МК 144-моддасининг тўртинчи қисмига мувофиқ ходимнинг мутахассислигига мувофиқ бўлган ва бир мунча кам малака талаб этиладиган бўш иш таклиф этилиши шарт эди. Суд муҳокамаси давомида ташкилотда бир эмас, учта ана шундай бўш иш жойи бўлганлиги маҳлум бўлди. Агар иш берувчи бошқа иш таклиф қилса-ю, ходим бу таклифни рад қилганида меҳнат шартномасини бекор қилиш асосли бўлган бўлар эди. Лекин иш берувчи ходимга бу ишларни таклиф қилмаган. Яна бир гап: ходим томонидан огоҳлантириш муддатини компенсацияга ўзгартириш ҳақида ариза берилганлиги иш берувчини бошқа иш таклиф қилиш мажбуриятидан соқит қилмайди. Чунки на 144-моддада ва на бошқа нормаларда бундай истиснолар кўрсатилмаган. Қолаверса, ходимнинг огоҳлантириш муддатини компенсацияга алмаштириш ҳақидаги аризаси бошқа бўш иш ўрнини рад этиш факти деб қабул қилинмайди. Сабаби, МК 144-моддаси олтинчи қисмига асосан қачонки берилган таклифга розилик берилмаса, ана шу ҳолат рад этиш факти ҳисобланади. Иш берувчи эса, юқорида айтганимиздек, ходимга ҳеч қандай таклиф бермаган. Шундай қилиб, иш берувчи меҳнат шартномасини бекор қилишда қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйган".
Шокиржон ДАДАБОЕВ,
туман адлия бўлими ЙХКМ бош юрисконсулти.
