Бир неча касбда (лавозимда) ишлаш ва вақтинча бўлмаган ходимнинг мажбуриятини бажариш битта нарсами?
2025-04-24 10:35:00 / Янгиликлар
Буларнинг ҳар иккисида ҳам ходим унга юклатилган қўшимча ишни асосий иши ва лавозими билан бир вақтда бажаради. Шундан бўлса керак, кўпчилик буларни айнан битта тушунча деб ҳисоблайди.
Меҳнат кодексининг 116-моддаси “бир неча касбда (лавозимда) ишлаш, хизмат кўрсатиш доирасини кенгайтириш, иш ҳажмини кўпайтириш, вақтинча йўқ бўлган ходимнинг мажбуриятларини меҳнат шартномасида белгиланган ишдан озод этилмаган ҳолда бажариш” деб номланади.
Қаранг, бу тушунчаларни модданинг номидан алоҳида ажратиб олиш жуда қийин. Лекин, 116-модданинг иккинчи қисмида булар қўшимча ишлар сифатида қуйидаги алоҳида тоифаларга ажратилган:
➖ходим меҳнат шартномасида шарт қилиб кўрсатилган асосий ишга нисбатан бошқа касб (лавозим) бўйича қўшимча ишни бажараётган ҳолларда бир неча касбда (лавозимда) ишлаш;
➖ходим асосий ишидаги айни ўша касб (лавозим) бўйича қўшимча ишни бажараётган ҳолларда хизмат кўрсатиш доираларини кенгайтириш ёки ишлар ҳажмини кўпайтириш;
➖вақтинча йўқ бўлган ходимнинг мажбуриятларини меҳнат шартномасида белгиланган, асосий ишидаги айни ўша касб (лавозим) ёки бошқа касб (лавозим) бўйича ишдан озод этилмаган ҳолда бажариш.
Эътибор беринг, бунда бир неча касб (лавозим)да ишлаш бошқа, вақтинча бўлмаган ходимнинг мажбуриятларини бажариш бошқа-бошқа тушунчалар эканлиги кўрсатиб ўтилмоқда.
▪️Улар ўртасидаги тушуниш осон бўлган асосий фарқни айтаман:
➖бир неча касб (лавозим)да ишлашда ходим асосий лавозими билан бир вақтда бажарадиган кейинги лавозим мутлақо вакант бўлади ва бу лавозимда ҳеч ким ишламайди;
➖вақтинча йўқ бўлган ходимнинг мажбуриятларини бажаришда эса, кейинги лавозим бўш бўлмайди, унда бошқа бир ходим ишлаётган бўлади, лекин у вақтинчалик ишда бўлмайди (масалан, меҳнат таътилида, касаллик варақаси даврида, хизмат сафарида ва ҳоказода бўлади).
Ушбу икки тушунчанинг бошқа-бошқа эканлигини билиб олсангиз, қонунчиликда уларнинг ҳар бири учун белгиланган алоҳида нормаларни ҳам қўллашингиз осон бўлади.
Масалан, МК 259-моддасининг иккинчи қисмидаги “вақтинча йўқ бўлган ходимнинг мажбуриятларини бажариш вазифаси штатдаги унинг ўрнини босадиган шахс зиммасига асосий ишдан озод этилмаган ҳолда юклатилганда қўшимча тўлов амалга оширилмайди” деган қоида биз тўхталаётган қайси ҳолатга тегишли?
Тўппа-тўғри, қоиданинг ўзида ёзиб қўйилганидек, вақтинча йўқ бўлган ходимнинг мажбуриятларини штатдаги унинг ўрнини босадиган ходимга тегишли. Бундан кўринадики, ушбу чекловнинг бир неча касб (лавозим)да ишлаётган ходимларга алоқаси йўқ.
Шокиржон Дадабоев,
Уйчи туман адлия бўлими ЮХКМ бош юрисконсульти
