Давлат мактаблари ва боғчаларида ўзаро яқин қариндошларнинг ишлашига оид “яширин қоида” ҳақида.
2025-04-11 08:45:00 / Янгиликлар
Кўпчилик билади, МК 121-моддасига асосан давлат ташкилотларида ўзаро яқин қариндошларнинг бири-бирига бевосита бўйсунадиган ёки бири бирининг назорати остида бўлган лавозимларда ишлашига таъқиқ қўйилган.
Бироқ, шу модданинг ўзида Вазирлар Маҳкамаси қарори билан алоҳида истиснолар белгиланиши мумкинлиги ҳам кўрсатилган.
Ҳақиқатдан ҳам, айни пайтда Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 14 ноябрдаги 758-сонли қарори билан тасдиқланган “Қариндошларнинг бирга ишлашларини чеклаш тўғрисидаги қоидалардан истисноларга йўл қўйилиши мумкин бўлган давлат ташкилотлари ходимларининг рўйхати” мавжуд.
Мазкур рўйхатга киритилган ишларда давлат ташкилотидаги бир-бирига бўйсунадиган ва бир-бирини назорат қиладиган лавозимларда ўзаро яқин қариндошлар ва қуда томондан бўлган қариндошлар бемалол бирга ишлашлари мумкин. Чунки, бу рўйхатга алоҳида хусусиятли ишлар киритилган бўлиб, улар мавжуд мантиқий заруратдан келиб чиқиб қонундаги тақиқлардан истисно қилинган.
Бу рўйхат биз учун у қадар янгилик эмас. Бунгача Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 11 мартдаги 133-сонли қарори билан худди шундай рўйхат амалда бўлган ва 758-сонли қарор билан янги рўйхат тасдиқланиб, истисноларга баъзи ўзгаришлар киритилган.
Ушбу истиснолар ҳақида гап кетганда, кўпчиликда биринчи навбатда барча таълим муассасаларидаги педагог-ўқитувчилар, кутубхоначилар ва библиографлар ҳақида тасаввур бор эди. Яъни, боғчалар, мактаблар, коллеж-техникум ва лицейлар ҳамда ОТМлардаги педагоглик лавозимларида ўзаро яқин қариндошлари (яқин қариндоши директор, ректор, проректор, ёки кафедра мудири бўлса ҳам) билан бирга ишлаши мумкинлигини аввалдан биламиз. Булар ҳозирги 758-сонли қарор билан тасдиқланган Рўйхатнинг 6-банди (қатори)да турибди.
Лекин рўйхатнинг ўша 6-бандида “барча таълим ташкилотларидаги педагог ходимлар, ўқитувчилар, библиограф ва кутубхоначилар”дейилган. Эътибор беринг, уларга таълим ташкилотидаги ўринбосарлар, хўжалик мудири, кадрлар бўйича менежер, бухгалтер, архивариус, қоровул, шофёр кабилар кирмайди. Яъни, биз санаб ўтган кейинги касблар ва лавозимларга истисно йўқ, уларга нисбатан таъқиқ амал қилиши керак, тўғрими?
Бироқ, 758-сонли қарор билан тасдиқланган рўйхатнинг 12-банди (қатори)да истисно этиладиган касб ва лавозимларга “қишлоқ жойларда ишлайдиган ўрмон ва сув хўжалиги мутахассислари, мактабгача ва мактаб таълими ташкилотлари ходимлари, тиббиёт ходимлари, маданий-маърифий ташкилотлар ходимлари” киритилган.
Биз бундан “қишлоқ жойларда ишлайдиган..., мактабгача ва мактаб таълими ташкилотлари ходимлари,...” деган жумлаларни ажратиб олсак, бу ташкилотлардаги истиснога тушадиган рўйхатнинг анчагина кенгайишини кўрамиз. Гап қишлоқларда жойлашган мактабгача ва мактаб таълими ташкилотлари ҳақида кетяпти. Ва бунда яқин қариндошлар ишлаши мумкин бўлган истисноларга қишлоқлардаги давлат боғчалари ва мактабларининг нафақат педагог ходимлари, балки педагог тоифасига кирмайдиган бошқа ходимлари ҳам кириб қолган.
Яъни, масалан, қишлоқда жойлашган давлат умумтаълим мактабининг директори ўз укаси ёки акасини хўжалик мудири вазифасига, синглисини кадрлар бўйича менежер лавозимига ишга олишга ҳақли дегандек гап бу.
Шокиржон Дадабоев,
Уйчи туман адлия бўлими ЮХКМ бош юрисконсулти.
