Фуқаролик суд ишларини юритиш соҳасида қонун устуворлигини таъминлаш усуллари
2025-04-03 10:40:00 / Янгиликлар
Ҳозирги вақтда суд-ҳуқуқ тизимини тубдан ислоҳ қилишнинг таркибий қисми сифатида судларнинг холислиги ва мустақиллигини мустаҳкамлаш, қонун устуворлигини, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ишончли ҳимояланишини таъминлаш бўйича изчил ишлар амалга оширилиб борилмоқда.
Суд-ҳуқуқ соҳасидаги қонун ҳужжатларининг либераллаштирилиши ислоҳотларнинг муҳим йўналиши бўлди.
Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 22 январдаги Қонуни билан Ўзбекистон Респубикасининг Фуқаролик процессуал кодекси тасдиқланди.
Ушбу Кодекс 5-бўлим, 47-боб ва 462-моддадан иборат.
Фуқаролик суд ишларини юритиш тўғрисидаги қонунчилик буйруқ тартибидаги ишларни, даъво тартибидаги ишларни, алоҳида тартибда юритиладиган ишларни, ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори билан боғлиқ ишларни ва чет давлат судларининг ҳамда чет давлат ҳакамлик судларининг (арбитражларининг) ҳал қилув қарорларини тан олиш ва ижрога қаратиш билан боғлиқ ишларни кўриб чиқиш ҳамда ҳал этиш тартибини белгилайди.
Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик суд ишларини юритиш тўғрисидаги қонунчилигида кўрсатилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.
Фуқаролик суд ишларини юритиш вазифалари қуйидагилардан иборатдир:
Яъни, фуқароларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқларини, эркинликлари ва қонуний манфаатларини, Ўзбекистон Республикасининг ҳуқуқлари ва манфаатларини, шунингдек корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, жамоат бирлашмалари ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида фуқаролик ишларини тўғри, ўз вақтида кўриб чиқиш ва ҳал этиш;
қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлашга, демократияни, ижтимоий адолатни, фуқаролар ўртасида тинчлик ва миллий тотувликни таъминлашга кўмаклашиш;
қонунга ва судга нисбатан ҳурмат муносабатини шакллантириш.
Суд ишларини юритиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг вазифалари, манфаатдор шахсларнинг судга мурожаат қилиш ҳуқуқлари ва судга мурожаат қилиш шакли, фуқаролик суд ишларини юритиш принциплари, ишларни судда кўриш тартиблари, ишларнинг судга тааллуқлилиги ва судловга тегишлилиги, суд ишларини юритиш иштирокчилари, суд ҳужжатларини қайта кўриш асослари, суд ҳужжатларини ижрога қаратиш тартиблари ва бошқалар судларда амал қиладиган процессуал қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини кўрсатади.
Шунингдек, судларда кўриб чиқилаётган турли хил йўналишдаги ишларда судларнинг устувор вазифаси бўлиб қонун устуворлигини, фуқаролар ва корхоналар, муассасалар, ташкилотларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш; фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш; қонунийликни мустаҳкамлаш ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш; қонунга ва судга нисбатан ҳурматда бўлиш муносабатини шакллантириш ҳисобланади.
Хулоса қилиб айтганимизда, қонун ва қонунчилик устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган, суд-ҳуқуқ тизимини босқичма-босқич демократлаштириш ва эркинлаштириш вазифалари мамлакатимизда амалга оширилаётган узоқ муддатли ва изчил ислоҳотлар дастурининг энг муҳим устувор йўналишидан бири бўлиб ҳисобланади.
Бахтиёр Касимов,
фуқаролик ишлари бўйича Учқўрғон туманлараро суди раиси.
