Эҳтиёжманд оилаларга бир марталик моддий ёрдам ажратилмоқда
2026-11-19 11:45:00 / Янгиликлар

Мамлакатимиз раҳбарининг 2026 йил 28 октябрдаги ПФ–236-сонли Фармонига мувофиқ, жорий йил ноябр ойида эҳтиёжманд оилаларга 1 миллион сўмдан бир марталик моддий ёрдам ажратилмоқда.
Бугун Уйчи тумани ҳокими М.Абдуллаев, «Нуроний» жамғармаси туман бўлими бошлиғи Т.Исматиллаев ҳамда халқ депутатлари туман Кенгаши раиси Г.Ҳакимова Ахси маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб, хонадонлардаги ҳолат билан танишдилар.
Ташриф давомида фуқароларга 1 миллион сўмлик бир марталик моддий ёрдам ажратилгани тўғрисидаги махсус конвертлар тарқатилди. Шунингдек, электр энергияси, табиий газ, кўмир ва суюлтирилган газ учун компенсацияларни олиш тартиби ҳақида маълумот берувчи ахборот флаерлари етказилиб, аҳолига тегишли тушунтиришлар берилди.
Мазкур бир марталик моддий ёрдам қуйидаги тоифадаги оилалар ва фуқароларга ажратилмоқда:
Ижтимоий реестрга киритилган оилаларга;
Реестрга киритилмаган, бироқ белгиланган мезонларга мос келадиган, оиланинг ўртача ойлик даромади минимал истеъмол харажатларининг икки баробаридан ошмайдиган ҳамда «маҳалла еттилиги» хулосаси асосида эҳтиёжманд деб топилган оилаларга;
Ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар реестрига киритилган фуқароларга;
Етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар яшаётган оилаларга.
Ушбу чора-тадбирлар эҳтиёжманд оилаларнинг куз-қиш мавсумидаги харажатларини енгиллаштириш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳамда давлат томонидан кўрсатилаётган ёрдамнинг манзилли ва самарали етиб боришини таъминлашга қаратилган.









