"РАҲБАР ВА ЁШЛАР" УЧРАШУВИ
2026-11-19 09:50:00 / Янгиликлар

Пайшанба - "Ёшлар куни"
Уйчи туманидаги 12-умумтаълим мактабида бугунги кунда 1170 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Жорий ўқув йилида 11-синфни 70 нафар ўқувчи тамомлайди. Уларнинг 7 нафари ИЕЛТС халқаро сертификатни, 32 нафари миллий сертификатни қўлга киритган.
Мактабнинг 11-синф ўқувчиси Шаҳзода Исоқжонова инглиз тили, она тили ва тарих фанларидан миллий сертификатларга эга бўлиш билан бирга, фан олимпиадасининг туман босқичида она тили фанидан биринчи ўринни эгаллади. Жавлонбек Насимжонов тарих, Абдувоҳид Абдуфаттоев эса ҳуқуқ фанидан туман олимпиадаси ғолиби бўлишди.
Спорт ва ижод соҳаларида ҳам мактаб ўқувчилари салмоқли натижаларга эришмоқда. Умиджон Зиёвуддинов қўл жанги бўйича республика миқёсида, Иқбола Нормирзаева эса ушу-карате бўйича Осиё чемпионлигини қўлга киритди. Мубина Ғофурова «Ижод баҳори» республика ёш ижодкорлар танловининг мутлақ ғолиби бўлди.
Ўтган ўқув йилида мактабнинг 85 нафар битирувчисидан 54 нафари олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинди. Бу каби ютуқлар мактабда таълим-тарбия сифатига, ўқувчиларнинг билим ва иқтидорини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётганидан далолат беради.
«Ёшлар куни» тадбирлари доирасида мазкур мактабда «Раҳбар ва ёшлар» учрашуви ташкил этилди. Унда туман ҳокими иштирок этди.
Учрашув давомида ёшлар ўзларини қизиқтирган саволлар, таклиф ва ташаббуслар билан мурожаат қилишди. Туман ҳокими уларнинг фикр ва мулоҳазаларини тинглаб, билдирилган мурожаатлар юзасидан тушунтиришлар берди ва уларни доимо қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди.









