УЙЧИДА КУЗ-ҚИШ МАВСУМИГА ПУХТА ТАЙЁРГАРЛИК КЎРИЛМОҚДА
2026-10-28 14:30:00 / Янгиликлар

Уйчи туманида куз-қиш мавсумини беталафот ва муваффақиятли ўтказиш, аҳолига қулай шарт-шароитлар яратиш ҳамда ижтимоий соҳа объектларининг барқарор фаолиятини таъминлаш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Айниқса, таълим ва тиббиёт муассасаларининг мавсумга тайёрлигини таъминлаш, иситиш тизимларини соз ҳолатга келтириш, ёқилғи захирасини шакллантириш ҳамда мавсум давомида юзага келиши мумкин бўлган муаммоларнинг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Туман ҳокими Музаффар Абдуллаев бугунги кундаги тайёргарлик ишларини ўрганиш мақсадида 40-сонли умумтаълим мактаби ҳамда 14-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида бўлди.
Ўрганиш давомида муассасаларнинг куз-қиш мавсумига тайёргарлиги, кўмир захираси, қозонхоналарнинг техник ҳолати ва ободонлаштириш ишлари кўздан кечирилди.
Аниқланган масалалар юзасидан масъулларга тегишли кўрсатма ва топшириқлар берилди. Мавсумни уюшқоқлик билан ўтказиш, таълим муассасаларида иссиқлик таъминоти узлуксизлигини таъминлаш ҳамда мавжуд камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш вазифалари белгилаб олинди.









