Ёшлар бандлиги ва лойиҳалар ижроси муҳокама қилинди
2026-10-12 14:35:00 / Янгиликлар

Уйчи туман ҳокимлигида ёшлар бандлигини таъминлаш, уларнинг муаммоларини тизимли ҳал этиш ҳамда ёшлар лойиҳаларини самарали амалга ошириш масалаларига бағишланган муҳокама йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда туман ҳокими ҳамда ДХХ туман бўлими масъул ходими иштирокида тегишли масъуллар билан ҳамкорликда ёшлар бандлигини таъминлаш борасида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар атрофлича муҳокама қилинди.
Хусусан, 2 034 нафар ёшнинг бандлигини таъминлаш, 111 та ёшлар лойиҳаси учун кредит маблағлари ажратиш чораларини кўриш, шунингдек, «1 ой — 4 маҳалла» дастури ижросини самарали ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, амалга оширилаётган тадбирлар ва бажарилган ишлар тўғрисидаги маълумотларнинг ҳаққонийлигини таъминлаш, белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ижро этилишини назорат қилиш, оталиққа олинган ёшларни касб-ҳунарга ўқитиш ҳамда уларнинг бандлигини таъминлаш бўйича масъулларга тегишли кўрсатмалар берилди.
Йиғилиш якунида белгиланган вазифалар ижросини тизимли назорат қилиш, масъул ташкилотлар ҳамкорлигини кучайтириш ва ҳар бир ёш билан манзилли ишлаш орқали аниқ амалий натижаларга эришиш вазифалари белгилаб олинди.









