Таянч маҳалла "Жийдакапа"да аёллар бандлиги таъминланмоқда
2026-08-15 11:40:00 / Янгиликлар

Уйчи тумани Жийдакапа маҳалласида аҳоли, айниқса, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, улар учун маҳалланинг ўзида даромад манбаи яратишга қаратилган ишлар изчил давом этмоқда.
Жумладан, маҳалла биносининг ертўла қисмида тадбиркор Гулчеҳра Маҳмудова ташаббуси билан замонавий тикувчилик цехи ташкил этилди. Натижада 20 та янги иш ўрни яратилди.
Мазкур цехда асосан аёллар кийим-кечаклари ишлаб чиқарилиб, маҳаллада яшовчи хотин-қизларни касбга жалб этиш, уларнинг доимий даромад манбаига эга бўлишини таъминлаш ва оилавий фаровонлигини оширишга хизмат қилмоқда.
Туман ҳокими мазкур тикувчилик цехига ташриф буюриб, иш жараёнлари ва яратилган шароитлар билан танишди.Ташриф давомида тадбиркор билан ишлаб чиқариш қувватини ошириш, маҳсулот турларини кенгайтириш, янги иш ўринларини яратиш ва фаолиятни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Туман раҳбари маҳаллаларда хотин-қизлар бандлигини таъминлашга қаратилган бундай ташаббусларни қўллаб-қувватлаш, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш ва кичик ишлаб чиқаришларни ривожлантириш муҳимлигини таъкидлади.
🧵 Маҳаллада яратилган ҳар бир иш ўрни — бир оила фаровонлиги, бир тадбиркорлик ташаббуси ва ҳудуд иқтисодий тараққиётига қўшилган муносиб ҳиссадир.





